“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида буюк аждодимиз фақиҳ ва мутакаллим олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий қаламига мансуб “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Жорий йил 26 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали ҳамкорлигида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида буюк аждодимиз фақиҳ ва мутакаллим олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари, ЎМИнинг Наманган вилоятидаги вакили ва фаол имом хатиблар ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали тингловчилари иштирок этдилар.
Тадбир соат 14.00 да бошланди. Тадбирни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев очди ва олиб борди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тақдимот тадбирида сўз олган барча нотиқлар Наманган вилояти ҳокимлиги котибият мудири М.Абдураззақов, ЎМИнинг Наманган вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби Абдулҳай домла Турсунов, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Обид Хурсандов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси хузуридаги Малака ошириш маркази Наманган минтақавий филиал директори Камолхон Йўлдошхўжаев, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Нуриддин Хошимов, Тўрақўрғон тумани “Абдулваҳҳоб қори” жомеъ масжиди имом хатиби Фахриддинов Мухаммадаюблар юртимизда аҳли сунна вал жамоа эътиқодига амал қилиб ижод қилган мутакаллим олимларнинг сони жуда кўплиги, жумладан, Абу мансур ал-Мотуридий ва Абул Муин ан-Насафийни эслашликнинг ўзи бунга яққол мисол эканлиги, нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом оламида аҳли сунна вал жамоа эътиқоди сифатида шуҳрат қозонган мотуридия таълимотининг асосчиси – бобомиз Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёт йўли ва илмий меросини ўрганиш ҳозирги кунда катта аҳамиятга эга эканлиги, бунинг учун аждодимиз Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари мўътабар манба бўлиб ҳисобланишини алоҳида таъкидладилар. Бундан ташқари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси томонидан буюк аждодимиз фақиҳ ва мутакаллим олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асари бўйича жуда кўплаб илмий изланишлар олиб борилиб, асарининг Туркия, Миср, Саудия Арабистони ва бошқа кўплаб нусхалари асосида 30-жузи таржимасини амалга оширилганлигига, ушбу илмий тадқиқот юртимизда тафсир ва калом илми бўйича тарихий асл манбаларга таянган ҳолда қилинган илк ислом илоҳиётига оид янгилик бўлиб, китобда Қуръони каримнинг Фотиҳа сураси ҳамда 30-жузи таржимаси ва тафсири ўрин олганлиги, Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилганлига Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилганлиги, мотуридийшунос олимлар доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий, профессор Юсуф Шавқий Явуз, доктор Ҳамза Бакрий ва бошқа кўплаб уламоларнинг тавсияларига асосан Бекир Тўпал ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи остида нашр этилганлиги юзасидан батафсил тўхталиб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар қаторида Ислом оламида катта обрў ва эътиборга эга бўлган аждодларимиз, Имом Мотуридий ва Абу Муин Насафий каби бошқа кўплаб алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси ўрганилиб, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш ишлари жадал ривожланиб бораётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Тақдимот давомида иштирокчилар асар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан мазмунли жавоблар олдилар.
Тадбир якунида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти Ахброрт – ресурс маркази ҳамда Имом Бухорий ХИТМ томонидан юртимиз алломалари қаламига мансуб адабиётлардан иборат китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар ташкил этилган китоблар кўргазмасидан унумли фойдаландилар. Тадбир кўтаринкилик руҳида ўтди ва иштирокчиларда аждодлар меросини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада жонлантирди.
Билим ахборот – ресурс маркази мудири, Муҳаммадали КАТТАБОЕВ