Яратилиш санаси 17.06.2026

Азонга доир шаръий ҳукмлар

Изоҳ: الأذان[ал-азан]- “Азон” сўзи луғатда “билдириш”, “эълон қилиш” маъноларини англатади. Шариатда эса фарз намознинг вақтини махсус калималар билан билдиришга “азон” дейилади.

سنّ للفرائض بلا ترجيعٍ ولحنٍ

Фарзнамозларга азон айтиш суннат(суннати муаккада). Азон таржиъ ва лаҳнсиз айтилади.

Изоҳ:Таржиъ – азондаги “ашҳаду” деб бошланадиган жумлаларни аввал ўзи эшитадиган даражада ичида айтиб, кейин баланд овозда қайта айтишдир. Масалан, “ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ” деб ичида айтади-да, ортидан баланд овозда қайта “ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ” дейди. Мана шу амални таржиъ қилиш дейилади. Лаҳн –азон калималарини қоидага зид равишдабузиб айтишдир. Кўпчилик овозни чиройли қилишни лаҳн дейди. Бу хато фикр. Азонда овозни чиройли қилиш матлуб амал.

ويزيد بعد فلاحٍ أذان الفجر الصّلاة خيرٌ من النّوم مرّتين

Бомдод намози азонида “фалаҳ” дан сўнг икки марта “ас-солату хойрум минан навм” ни қўшади.

والإقامة مثله ويزيد بعد فلاحها قد قامت الصّلاة مرّتين

Иқомаҳам азонга ўхшаш, лекин азондаги “фалаҳ” калимасидан кейин икки марта “қод қоматис солааҳ” ни зиёда қилади.

ويترسّل فيه ويحدر فيها

Азонда тарассул қилади, иқомани тез-тез айтади.

Изоҳ:Тарассул – азондаги жумлалар орасини бироз сукут сақлаш билан ажратиб айтиш. Азон иқома каби айтиб қўйилса, қайта айтилади. Иқома эса азондек айтилса қайта айтилмайди. Чунки азонни қайта айтиш машруъ амал (шариатга кирган),иқомани қайта айтиш машруъ бўлмаган.

ويستقبل بهما القبلة ولا يتكلّم فيهما

Азон ва иқома айтишда қиблага юзланади. Улар орасида гапирмайди(саломга алик олмайди, акса урганга жавоб қайтармайди).

ويلتفت يمينًا وشمالًا بالصّلاة والفلاح

(Муаззин азон айтаётганда)“ҳайя алас солааҳ”да ўнгга ва “ҳайя алал фалааҳ”да эса чапга қарайди (юзини ўзини буради. Елкаси билан бурилмайди).

ويستدير في صومعته ويجعل إصبعيه في أذنيه

(Муаззин азон айтиш чоғида) минора(атрофи)да айланади ва икки бармоғини қулоғи ичига тиқиб олади.

ويثوّب

Тасвийб қилади.

Изоҳ:Тасвийб –азон билан иқома орасида иқома айтиш вақти яқинлашганини билдириб қўйиш. Тасвийб “ас-солаҳ ас-солаҳ!”, “қомат!” каби иборалар билан бўлади.

ويجلس بينهما إلّا في المغرب

(Муаззин) шомдан бошқа намозларда азон ва иқома ўртасида (бироз)ўтиради.

Изоҳ:Азон ва иқома ўртасини ажратиш учун ўтиради. Азон ортиданоқ иқома айтиш макруҳ. Шомда эса ўтирмайди, балки уч қисқа оят миқдорича турган ҳолда сукут сақлайди.

ويؤذّن للفائتة ويقيم

Қазо намозларга азон ва иқома айтади.

وكذا الأولى الفوائت وخيّر فيه للباقي

Бир неча қазо намозларни ўқимоқчи бўлса, аввалгисига азон айтади, қолганларига ихтиёр ўзида (хоҳласа азон айтади, хоҳламаса йўқ).

ولا يؤذّن قبل وقتٍ ويعاد فيه

Намоз вақти киришидан олдин азон айтилмайди. Вақти киришидан олдин айтилган азон (вақти киргач) қайта айтилади.

وكره أذان الجنب وإقامته وإقامة المحدث وأذان المرأة والفاسق والقاعد والسّكران

Жунуб кишининг азон ва иқома айтиши, бетаҳорат кишининг иқома айтиши, аёл, фосиқ, туролмайдиган ва маст кишиларнинг азон айтиши макруҳдир. 

لا أذان العبد وولد الزّنا والأعمى والأعرابيّ

Қул, валади зино, кўр ва аъробийнинг азон айтиши макруҳ эмас.

وكره تركهما للمسافر

Мусофир азон ва иқомани тарк этиши макруҳ.

لا لمصلٍّ في بيته في المصر

Шаҳарда эса намозни уйида адо қилувчи кишининг азон ва иқомани тарк қилиши макруҳ бўлмайди.

وندبا لهما لا للنّساء

Мусофир ва намозни уйида адо қилувчи кишига азон ва иқома айтиш мустаҳаб. Аёлларга эса мустаҳаб эмас (улар азон ва иқома айтмайдилар).

Саминов Аъзамхон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси