Яратилиш санаси 08.06.2026

Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир (1-қисм)

Султон Аврангзеб Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодидан бўлиб, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғлидир. Аврангзеб 1619 йил 24 сентябрда[1] (ҳ.1028 йил 15-зулқаъда ойида) Ҳиндистоннинг Гужурот вилоятидаги Давҳад шаҳрида туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегимдир. Шоҳ Жаҳон тахтни эгаллагандан сўнг ёш Аврангзебни имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий тарбиясига олади ва унга бор эътиборини қаратади. Натижада Қуръони каримни ёд олади, ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганади ва етук олим бўлиб етишади. У хаттотлик илмини ҳам мукаммал эгаллайди. У араб, форс ва турк тилини ҳам билимдони эди. Аврангзеб ёшлигиданоқ ака-укаларига нисбатан анча қобилиятли, совуққон, уддабуронлиги билан ажралиб турарди. Аврангзеб ўқимишли ва билимдон киши бўлиб, талайгина ғазалларни ёддан ўқир, ўзи ҳам ғазаллар ёзарди. Аммо қаттиққўл, кучли, иродали киши эди. У шу билан бирга кучли саркарда ҳам эди. У ёшлигиданоқ уруш сирларини, жумладан камон отиш, қиличбозлик ва филлар билан жанг қилиш маҳоратини мустаҳкам эгаллади.

У хулқ-атвори жиҳатдан жуда ажойиб инсон сифатида ҳар доим кишиларни қойил қолдириб турарди. Унинг қатъиятлилиги, жасурлиги, ниятлари ҳалоллиги ва тўғрилиги, бурчига садоқати, Исломга муҳаббати, камтаринлиги ва билимдонлиги барча томонидан эътироф этилган. Декан подшоҳига вазир бўлган пайтидаёқ у ўзининг маъмурий қобилиятини кўрсата билди. Тартиб-интизомли ва синчковлигидан ташқари у жуда кўп нарсага қизиқарди. Шундай фазилатлари шарофатидан мусулмонлар бой бериб қўяёзган Бобур ва Акбар меросини тушуниб етишга муяссар бўлди. Бу ниҳоятда адолатли инсон ўзини ҳам, ўғилларини ва қарамоғидаги кишиларни ҳам аямасди. У ислом давлатининг бошлиғи сифатида ўз идорасининг юксак ҳурматига сазовор эди, қонунга адолатли риоя этилишига ҳеч қандай монелик қилмасди. Бироқ у ҳазил-мутойибани яхши тушунмас ва албатта енгилтакликдан йироқ, аммо ўз бурчини юксак даражада ҳис қилувчи инсон эди. Номи бутун дунёга машҳур бўлган унинг 50 йиллик подшоҳлиги бобурийларнинг буюк авлодини барча халқлар тилларида достон қилди. Уни ҳиндларга қарши сиёсатда қоралашади, лекин ўша пайтда ҳиндлар кўп асрлар давом этган мудроқликдан уйғонаётган ва ҳар қандай якка ҳоким ихтиёрий, яъни жангсиз бериши мумкин бўлганидан анча кўп нарсага даъвогарлик қила бошлаган эдиларки, буни умуман унутиб қўядилар. Подшоҳга бутун қаҳр-ғазабини ишга солиб курашган сиқҳлар ва махраттанларга у ҳам тегишли жавоб қайтаражаклиги тўғрисида пўписа қилди. Декан вилоятлари бобурийлар ҳукмдорлигининг уч авлоди даврида уларга қарши кураш олиб бордилар. Узоқ давом этиши мумкин бўлмаган бундай ҳолга кучли давлат вужудга келиши билан чек қўйилди. Аврангзеб сиёсат бобида буюк авлодларига муносиб бўлишига шак-шубҳа йўқ эди. Улар ҳам унинг заифлигини кечиролмаган бўлардилар.

[1] Турғун Файзиев. Темурийлар шажараси, Тошкент ”Ёзувчи” нашриёти-“Хазина”.1995 й. Б-275.

Маҳмудов Калимуллоҳ

таълим муассасаси ўқитувчиси