Мовароуннаҳрда тафсир илми ва унинг хусусиятлари (1-қисм)
Тафсир сўзининг луғавий маъноси “изоҳ”, “шарҳ”дир. Арабларда илмий, фалсафий асарларга ёзилган шарҳлар ҳам тафсирлар деб аталган. Қуръонда ҳам “тафсир” – “шарҳ” мазмунида қўлланилган:
ولا يأتونك بمثل إلا جئناك بالحق وأحسن تفسيراً
«Улар сизга бирон мисол келтирсалар албатта, Биз сизга ҳақ ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик»[1].
Тафсирга берилган таърифларни умумлаштириб шундай дейиш мумкин, “тафсир араб тилини мукаммал билган ҳолда Қуръон, ҳадис, саҳобий ва тобиийлар ривоятидан истифода этиб, инсон қудрати доирасида Қуръон оятларини шарҳлаш, изоҳлашдир”.
Шунингдек, тафсир сўзи билан боғлиқ яна бир ибора «таъвил» сўзи мавжуд бўлиб, у ҳам тафсир қилиш, шарҳлаш маъноларини билдиради.
Тафсир ва таъвил ҳақида мутакаллим Абу Мансур ал-Мотуридий шундай деган: «Тафсир бу сўзнинг маъноси қатъий мана шу дейиш ва Аллоҳ ўша сўздан мана шуни назарда тутган деб, гувоҳлик беришдир. Агар бунга далили бўлса, у ҳолда сўзи тўғри, акс ҳолда, у фақат ўзининг раъйи билан тафсир қилган бўлади. Бу ман этилган. Таъвил эса, бирор сўзнинг тахминий маъносини келтириб, уни қатъий деб айтмай ва Аллоҳнинг назарда тутгани мана шу, деб гувоҳлик бермаган ҳолда ўша маънони бошқа маъноларидан устун қилишдир»[2].
Илк ислом даврида тафсир илми ўзига хос жиҳатлар билан ажралиб турди. Бу ҳам бўлса, Қуръонга оид шарҳларнинг Муҳаммад (с.а.в.)нинг тушунтириш беришлари билангина кифояланилди. Буни иккига ажратиб кўриб чиқиш ҳам мумкин. Биринчиси, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётлик вақтларида саҳобийларнинг саволларига жавоб тарзда Қуръон оятлари ва сўзларига шарҳ беришлари. Бу ҳақда Ибн Халдун “Муқаддима” асарида шундай ёзади: «Набий (с.а.в.) саҳобийларга Қуръоннинг мужмалларни айтиб, носих ва мансухларини ажратиб, уларга ўргатар эдилар»[3]. Иккинчиси, саҳобийларнинг Муҳаммад (с.а.в) вафотларидан кейин ҳадислар, араб тили, оятнинг нозил бўлиш сабаблари, ўз билим имкониятларига таяниб Қуръонга шарҳ бериш даврлари.
Саҳобийлар тафсир қилишда энг аввало, Қуръон ва ҳадисга мурожаат этганлар. Шу билан бирга, Қуръон ва ҳадисларда шарҳ мавжуд бўлмаса, ўзларининг ижтиҳодларига ҳам таянганлар.
[1] Фурқон: 33
[2] Ас-Суютий. Ал-Итқон фий улум ал-Қуръон. – Қоҳира: Матбаа Мустафо, 1951. (Бундан кейин ал-Итқон фи улум ал-Қуръон) Ж. 2. –Б. 173.
[3] Ибн Халдун. Муқаддима. –Байрут: Дор ал-авда, 1982. – Б. 489
Қаюмов Софватуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси