Мовароуннаҳрда тафсир илми ва унинг хусусиятлари (2-қисм)
Мовароуннаҳр тафсир илми тарихи ҳадис илмининг кириб келиши билан боғлиқдир. Чунки, Муҳаммад (с.а.в.) ва саҳобийларнинг Қуръонга шарҳлари ҳадислар таркибида жамланган. Илгари зикр этганимиздек, Умар ибн ал-Хаттоб буйруғига кўра араблар Марвгача етиб келиб, ўзлари ўрганган илмлардан ҳадисларни маҳаллий халққа ўргатадилар. Сўнг исломий илмлар Бухоро, Самарқанд, Шош, Насаф каби шаҳарларда мустаҳкам ўрнашади.
Бу борада VIII асрда тобиийлардан таълим олган Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазийнинг тафсир соҳасидаги фаолиятини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. У Ўрта Осиёда ўтган илк муҳаддис, муфассирлардан ҳисобланади. У ёшлик даврида Абу Ҳанифага шогирд бўлди. Шунингдек, тобиийлардан Рабиъ ибн Анас ибн Зиёд ал-Бакрий унга таълим берган. У шеърлар ҳам битиб, одоб-ахлоқ, инсонийлик нафосатини улуғлаган. У тафсир соҳасида ҳам фаолият олиб борган. Унинг “Китоб аз-зуҳд ва ар-рақоиқ” китоби илм аҳли орасида машҳур китоблардан саналади. У биринчилардан бўлиб ҳадисларни китоб шаклига келтирган олимдир. Унинг юртимизда ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси юқори.
Шунингдек, унинг “Тафсир” асари ёзганлиги ҳақида баъзи манбаларда зикр этилган. Лекин унинг тафсири бизнинг давримизгача етиб келмаган. “Китоб аз-зуҳд ва-р-рақоиқ”, “ал-Бирр ва ас-сила” асарларидаги ҳадислар орасида баъзи Қуръон оятларига берилган шарҳларни кузатиш мумкин. У ўз асарларида оятлар шарҳига оид ҳадислар билан бир қаторда, саҳобий ва тобиийларнинг ҳам шарҳларини келтиради. Унинг бу нақллари кейинги давр олимлари асарларида истифода этилди. “Ал-Бирр ва ас-сила” асарида 10дан ортиқ оятларга шарҳлар ривоят қилинган[4].
Юртимиздаги бу давр олимларидан Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий (150/768-216/832) бўлиб, у Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийдан таҳсил олган. Бухорода биринчилардан бўлиб ҳанафий мазҳабини тарқатиб, кўплаб шогирдлар етиштирган[5]. Лекин унинг тафсир соҳасидаги асарлари бизгача етиб келмаган.
Улардан кейинги даврда муфассирлар сифатида зикр этилган Имом ад-Доримий (798-869), Имом ал-Бухорий (810-870) ва ал-Ҳаким ат-Термизий (820-905)ларнинг тафсир борасидаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг илмий меросида тафсир асарлари зикр этилиб, давримизгача етиб келмагани айтилади. Бу алломаларнинг асарларидаги тафсир илмига оид ривоят ва маълумотларини таҳлил этиш, уларнинг тафсиршуносликда тутган ўрнини кўрсатиб беради.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида тафсирга оид боблар келтирилиб, уларда баъзи бир сураларнинг шарҳлари Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳолда келтирилган[6]. Асарда “ат-Тафсир” номли алоҳида китоб (боб) келтирилган, ундаги боблар Қуръондаги суралар тартибига биноан тартибланган бўлиб, оятлар шарҳи ёритилган ҳадислар берилган. Имом Бухорий муфассирлар сингари саҳобий ва тобиийларнинг сўзларидан келтирганда ривоят қилувчилар силсилаларини зикр этмайди. Маълумки, муфассирлар саҳобий ва тобиийларнинг сўзларини келтирганларида ҳар доим ҳам силсилани зикр этмаганлар, кўпинча тўғридан-тўғри сўз эгасига мурожаат этган.
Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам моҳир муфассирлардан саналган. Унинг асарлари орасида баъзи бир оятларга берилган шарҳларни кўриш мумкин. Жумладан, унинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида Қуръон каримдаги “ҳидоят”, “куфр”, “ширк”, “ҳикмат”, “ислом”, “имон”, “шукр”, “ҳақ” каби 80 та сўзга шарҳ берилган[7]. Унда Қуръон сўзлари маъноларини тасаввуфий шарҳлашга эътибор берилган. Асарда Термизий Қуръонда кўп учрайдиган сўзларнинг асосий маъносидан унга алоқадор маъноларга кўчиши мумкинлигини зикр этади.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳадисларни тасаввуфий шарҳлашга оид “Наводир ал-усул” асари одоб-ахлоқ, имон масалаларига бағишланади. У 291 бобдан иборат бўлиб, турли мавзуларга бўлинган. Шу билан бирга асарда Қуръон оятларининг шарҳлари ҳам мавжуд. Эътиборли жиҳати шундан иборатки, асарнинг барча бобларидаги ҳадисларнинг мазмуни Қуръон оятларидан фойдаланилиб кенгроқ ёритишга ҳаракат қилинган. Унинг шарҳлаш услубида нақлга таяниб тафсир қилишдан кўра, оятларни тасаввуфий шарҳлаш, маъноларининг ботинига кўпроқ эътибор бериш кучли эканлигини кузатиш мумкин.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тафсирдаги услубини гарчи тафсири бўлмаса-да, унинг бизгача етиб келган асарларидаги Қуръонга берилган шарҳлар орқали аниқлаш мумкин. Унинг кўпинча оят шарҳларига оид ривоятларни келтирмай, Қуръонни тасаввуфий шарҳлашга, эътибор қаратишига кўра, уни Мовароуннаҳрда Қуръонни ўзига хос тасаввуфий шарҳлаш йўналишини бошлаб берган олим дейиш мумкин.
Имом ад-Доримий ҳам тафсиршуносликда ўзига хос ўринни эгаллайди. Унинг “Сунан” асарида “Фазоил ал-Қуръон” номли китоб (боб) бўлиб, у 35 кичик бобдан ташкил топган. Унда тафсир илмига алоқадор бўлган ривоятлар, баъзи сура ва оятларнинг фазилатлари ҳақидаги маълумотлар жамланган. Жумладан, биргина “қинтор” сўзининг маъноси бўйича бир нечта ривоятларни келтирган. У ривоятларни Муҳаммад (с.а.в.) ёки саҳобийлардан санадлар билан келтиради[8]. Бу эса олим илмий услубининг пухталигини кўрсатади.
Абу Исо ат-Термизий ҳам ўзининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида “Китоб фазоил ал-Қуръон”, “Китоб ал-қироот” ва “Китоб тафсир ал-Қуръон” номли мавзуларни келтириб, унда тафсирга алоқадор ривоятларни баён қилган. Айниқса, асарнинг “Китоб тафсир ал-Қуръон” бобида Қуръоннинг барча суралари анъанавий тартибда “Фотиҳа (I)” сурасидан “ан-Нос(114)” сурасигача берилган ва уларнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларидан келтирилган. Абу Исо ат-Термизий тафсир қилишнинг ўта масъулиятли эканини таъкидлагани боис “Тафсир ал-Қуръон” бобида ўз ижтиҳоди билан тафсир қилишнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳадисларни биринчи бўлиб келтиради.
[4]Довудий Шамсуддин Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад. Табақот ал-муфассирин / Абдуссалом Абдулмуъин таҳрири остида.– Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2002. (Бундан кейин Довудий. Табақот ал-муфассирин) Б.243.
[5]Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абилвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Ал-Жавоҳир ал-музия фий табақот ал-ҳанафия. Абдулфаттоҳ Муҳаммад ал-Хулв таҳрири остида – Қоҳира: Ҳижр, 1993. (Бундан кейин ал-Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музийя.) Ж. 1. Б. 166.
[6]Қаранг: Имом ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Байрут. Дор ибн Касир, 1987. Ж. 4. – Б. 123-400.
[7] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул фий маърифа аҳадис ар-расул. 2 жилдлик. – Қоҳира: Дор ар-раййон ли-т-турос. 1988. – Б. 460.
[8] Имом ад-Доримий. Сунан ад-Доримий. / Муҳаммад Абдлуазиз ал-Холидий таҳрири остида. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. Ж. 2. – Б. 320-351.
[9] Маҳмуд Ҳусайн аз-Заҳабий. Ат-Тафсир ва-л-муфассирун. 3 жилдли.– Қоҳира: Мактаба Ваҳба, 2003. Ж.1. – Б. 214.
[10] Ал-Каъбий. Мўътазилий оқими олимларидан. Унинг тафсиридан баъзи қисмлари етиб келган.
[11] Ал-Аёший шиа оқими олимларидан. Мотуридий даврида Самарқандда яшаган. Унинг тафсири қисман етиб келган ва Қумда нашр этилган. (GAS I. Б. 42. Van Ess. Theologie II 67-изоҳ.)
Қаюмов Софватуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси