Яратилиш санаси 16.06.2026

Мовароуннаҳрда тафсир илми ва унинг хусусиятлари (3-қисм)

IX асргача муфассир сифатида танилган олимлар фаолиятида Қуръон тўлиқ шарҳланмаган, балки ундаги баъзи оятларга шарҳ берилган дейиш мумкин. Шунингдек, бошқа мусулмон мамлакатларидаги каби Мовароуннаҳрда ҳам ривоят асосида шарҳланди, тафсирга оид ривоятлар ҳадис тўпламларида алоҳида боб сифатида қайд этилди. Раъй-ижтиҳод билан шарҳлашга эътибор қаратилмади. Ҳадис тўпламларида алоҳида бобда келтирилиши кейинги даврларда алоҳида илм сифатида шаклланиши учун пойдевор яратди. 

Мовароуннаҳрда тафсир илми X-XII асрларда тараққий этди. Илгари ҳадислар таркибида бир боб сифатида зикр этиб борилган Қуръонга шарҳлар замон талабларига тўлиқ жавоб бермай қўйди. Мовароуннаҳр муфассирларининг тафсир асарларининг кириш қисмида араб тилини билмаган, оятнинг нозил бўлиш сабаблари, ҳадисларни билмаган кишиларнинг Қуръон ояти ҳақида фақат ўз фикрларидан келиб чиқиб шарҳлашлари мумкин эмаслигини уқтиришларига кўра, оятларнинг бузиб шарҳланиши авж олиб, ҳар бир фикр эгасининг ўз томонига шарҳларни оғдиришга ҳаракат қилганларини кўриш мумкин. 

Умуман, бу даврда Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларида тафсирларнинг ёзилиши асосан икки сабабга кўра амалга ошди.

  1. Мовароуннаҳрда турли оқимларнинг Қуръоннинг ҳар хил жойларидан ўзларининг ақидаларига мос келувчи оятларни бузиб талқин этиб, далиллашлари натижасида Қуръоннинг бошидан охиригача шарҳлаш зарурати.
  2. Қуръон тафсирига оид тарқоқ ҳолда бўлган ҳадислар, саҳобийлар ривоятлари, шарҳларни бир жойда жамлаш.   

Бу иккиси бир-бирига боғлиқ сабаблар чунки, оятларни бузиб талқин этилиши оятнинг ҳақиқатда маъноси нима бўлиши лозимлигини келтириб чиқаради. Шунинг учун муфассирлар манбаларга асосланиб шарҳлашга эҳтиёж сездилар. Бу даврда бир нечта муфассир алломалар фаолият кўрсатган бўлиб, уларнинг асарлари бизгача етиб келган. Ҳар бир муфассирнинг бу борадаги турлича услублари албатта диққатга сазовор. Бу даврда Самарқандда икки хил услубни кузатиш мумкин. Биринчиси, Абу-л-Лайснинг асосан ривоятлардан фойдаланиб Қуръонни шарҳлаши, иккинчиси Абу Мансур ал-Мотуридийнинг тафсирга оид ривоятларни таҳлил этиб, ақидавий масалаларга алоҳида аҳамият қаратиши. Бу эса тафсир соҳасида ўзига хос жиҳатни кўрсатиб беради.   

Қуръонни тўлиқ шарҳлаш даврига мансуб бизгача етиб келган илк манбалар сифатида – ат-Табарий, Имом ал-Мотуридий ва Абу-л-Лайс ас-Самарқандийларни зикр этиб ўтиш ўринлидир. Муаллифлар ўз шарҳларида мўътабар манбалар – Муҳаммад (с.а.в.), саҳобий ва тобиийлар ривоятларидан кўп истифода этдилар, уларнинг ривоятларини силсилалари билан зикр этадилар. Бу турдаги тафсир асарлари “маъсур тафсирлар” деб аталади. Аз-Заҳабий ўзининг “ат-Тафсир ва-л-муфассирун” асарида шу туркумга мансуб бўлган асосий 8 та тафсир асарларини келтириб ўтади[9]. Лекин у Мотуридийнинг “Таъвилот аҳлис-сунна” асарини тадқиқотида умуман зикр этмайди. Аслида ушбу тафсир асари нақл ва раъйдан истифода этиб яратилган. Уни маъсур тафсирлар ёки раъй-ижтиҳод билан яратилган тафсирлар туркумига киритиш мумкин эди. 

Бу даврдан бошлаб тафсир мўътабар манбаларга асосланиш чегарасидан чиқиб кетмаган ҳолда ривоят қилувчилар силсилаларини қисқартириб, тўғридан-тўғри ривоят қилувчининг ўзи зикр этилиб, ривоятларини келтириш услуби тарқала бошлади. Яна муфассирлар ўзларидан илгари ўтган олимларнинг сўзларини айтган кишиларнинг исмларини зикр этмасдан ҳам келтира бошладилар. Шу тариқа тафсирларга турли ривоятлар кириб, саҳиҳ ривоятларнинг иллатли ривоятлар билан аралашиш ҳоллари юзага келди. Луғат, наҳв, сарф илмларининг китоб ҳолига келтирилиши натижасида Қуръонни шарҳлаш ҳам кенгая бошлади. Фиқҳ ва каломга оид масалалар ихтилофларни келтириб чиқарди. Исломий фирқалар мутаассибликка берилиб, кишиларни ўз ақидаларига чақира бошладилар. Айнан шу вақтда нақлий тафсирнинг ўрнини ақлий тафсир эгаллай бошлади. Лекин оятларнинг нозил бўлиш сабабларига алоқадор ривоятлар  мўътабар манбалардан олинишда давом этди.       

Мотуридий тафсир ёзишда турли оқим ва фирқаларга раддиялар беришга кўпроқ асосланган. Мотуридий ақидавий масалаларни ечишда Қуръон бош манба бўлиб хизмат қилгани учун ҳам ундан кенг истифода этган. 

Улрих Рудольф Мотуридий даври муфассирлари сифатида «Абу-л-Қосим ал-Каъбий[10] (в. 319/931), Муҳаммад ибн Масъуд ал-Аёший[11] (ваф. 320/932), Абу-л-Лайс ас-Самарқандийларни кўрсатади. У Абу-л-Лайснинг тафсири ҳақида сўз юритиб, шундай дейди: «Маълумки, Абу-л-Лайс ислом таълимоти масалаларига ғоят консерватив ёндашган. Шу боис, унинг асари Шарқнинг илк ҳанафий тафсирларини ўрганишда, айниқса, катта самаралар бериши мумкин»[12].

Имом ал-Мотуридийнинг тафсири X асрдаги тафсир илми хусусиятларини ўзида мужассам этади. Юқорида зикр этилган муҳаддис алломаларнинг тафсирдаги услубларидан фарқли равишда у илк бора Қуръонни бошидан охиригача шарҳлаган ҳамда бунда таҳлилий услубни қўллаган. 

Ушбу даврда тафсир илми тараққий этиб, алоҳида тўлиқ тафсир асарларининг юзага келиш даври бўлди. Олимлар ақида ва фиқҳ масалаларида бу заминда тарқалган ҳанафий мазҳабини ҳимоя этишга киришдилар. Натижада, бу мазҳабга қарши турган турли диний ақидавий оқимлар таъсири сусайиб борди.   

XI-XII асрларда Қуръонни шарҳлашда раъй-ижтиҳодни ишлатиш кенг тус ола бошлади. Илгариги даврдан фарқли равишда оятларни шарҳлашда олимлар қатор ривоятларни келтирмай, балки айрим ҳоллардагина уларни келтира бошладилар. Бундан албатта, Қуръонни шарҳлашда бутунлай ривоятлардан истифода этилмай қолди, деган фикр келиб чиқмайди. Олимлар илгари зикр этилган ривоятларни қайтармай, оят шарҳини ривоятлар мазмунига зид бўлмаган балки мувофиқ келадиган тарзда ўз сўзлари билан шарҳлашга ўтдилар. Улар тафсир борасида олдинги асрда ёзилган Имом ал-Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли-с-сунна” асарини шарҳлашга эътибор қаратишларига кўра, ақидавий масалалар бўйича ихтилофлар кўпайган кўринади. Шунинг учун олимлар ақидага оид оятларни талқин этишда  мустаҳкам ақидавий тизим бўлмиш мотуридийлик ақидасига таянганлар. 

XI асрда Абул Муъин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий (459-508/1067-1114)ни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Унинг Имом Мотуридий таълимотини ривожлантиришдаги ҳиссаси улкан[13]. У Қуръондаги ақидавий оятларни чуқур мазмунини тушунган ва талқин этган. Бу борада Алоуддин ас-Самарқандий ҳам тафсирга бағишланган асарининг кириш қисмида сўз юритиб, Имом ал-Мотуридий тафсирини ўзидан илгари устози Абул Муъин ан-Насафий шарҳлаганини зикр этади: “Бу китобни усул ва фуруъ илмларида ўз замонасида тенги йўқ Абул Муъин ан-Насафий шарҳлаб бериб, лойиқ ўринларда қийин сўзларни тушунтириб, мутлақларини ажратиб берганида...”[14]. Демак, ақидавий масалаларни шарҳлаш жараёнида ан-Насафий Мотуридий услубига таянган ҳолда Қуръонни шарҳлаган. Яна шуни айтиб ўтиш жоизки, бу маълумот ан-Насафийнинг Қуръонни тўлиқ шарҳламагани балки тушуниш қийин ўринларга эътибор берганини кўрсатиб беради. 

[12]  У. Рудольф. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. Т.: 2001. –Б. 215-216. 

[13]Абу-л-Муъийн ан-Насафий ҳаёти ва илмий мероси бўйича бир қанча тадқиқотлар амалга оширилди. Булардан: С. Оқилов. Абу-л-Муъийн ан-Насафий ва унинг Мотурдиййа таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси (Табсирату-л-адилла асари асосида). Дис... автореферат т.ф.н. –Т.: Тошкент ислом университети, 2003. –28 б. 

[14]Алоуддин ас-Самарқандий. Ат-Таъвилот ал-Мотуридия фий баён усул аҳлис-сунна ва усул ат-тавҳид”.– Қўлёзма. ЎзР ФАШИ Қўлёзмалар фонди № 3249. – В. 1в. 

Қаюмов Софватуллоҳ

таълим муассасаси ўқитувчиси