Имом Нававийнинг ҳаёт йўли
Бу зот Яҳё ибн Шароф ибн Муррий ибн Ҳасан ибн Хусан ибн Муҳаммад ибн Жамъа ибн Ҳизом Абу Закариё Нававий Дамашқийдир[1]. Имом Нававийнинг нисбатлари саҳоба Ҳизом Абу Ҳакимга боради деб ўйлайдиганлар хам бор. Бу гапни Имом Нававийнинг ўзи тўғирлаб “бу ғалат” яни хатодир деган.
Олимнинг насаби ҳақида уламолар турли хил фикрларни айтишган. Тарихчи олимларнинг айтишича Нававийнинг боболари ҳақида бирор бир маълумот йўқ. Бундан келиб чиқадики уларнинг ҳаётлари оддий бўлган. Агар уларнинг илмлари, ё обрўлари бўлганда тарихчилар буларни эсларидан чиқармаган бўларди. Аммо у зотнинг оталари Шароф ибн Муррий бўлиб Наво шахрида дўкончи бўлганлар[2]. Шароф ибн Муррийни васфлаб Нававийнинг шогирди Аловуддин ибн Аттор “ Шароф ибн Муррий тақводор, пархезли, Аллоҳнинг валийси бўлган бир нуроний эди” дейди. Имом Заҳабий эса “У хайрли нурли киши эди” дейди. Шароф ибн Муррий 675 йилда вафот этди.
Имом Нававий ҳижратнинг 631 йили Муҳаррам ойида Дамашқдаги Наво шаҳрида дунёга келдилар.[3] Ёшликларидаёқ Қуръонни ёд олдилар. Ўн тўққизга кирганларида оталари Дамашққа олиб бордилар ва “Равоҳия” мадрасасига жойлаштирдилар. Бу ерда Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Усмон Мағрибий ал-Мақсидийдан фиқҳни дарс олдилар. Исҳоқ ибн Аҳмад у зотнинг фиқҳ илмидаги биринчи устозлари бўлдилар. Имом Нававий ҳар куни ўн икки хил дарс билан машғул эдилар. Орада тиб билан ҳам машғул бўлишни қасд қилдилар, лекин Аллоҳ таоло у зотни бу илмдан буриб қўйди. Балки Дамашқдаги “Дорул-ҳадис ал-Ашрафия” мадрасасида дарс беришни насиб қилди. Имом Нававий ниҳоятда тақводор, парҳезли киши эдилар. Бирор соатларини Аллоҳ тоатидан бошқа ишга сарф қилмасдилар. Кечаларини ҳам китоб ёзиш билан ўтказардилар. Аллоҳ таоло у кишига беҳад зийрак қалб, кучли хотира ҳамда ўткир зеҳн ато этган эди.
Имом Нававий Имом Заҳабий айтганларидек оталарининг риоясида ва қарамоғида яшадилар. Имом Нававийнинг хомийси отаси эди. Уни илк бор мадрасага олиб бориб токи олимлик даражасиги етгунига қадар унинг хизматида турган зот унинг отаси ҳисобланади. Нававий ҳаётини ўрганган олимларнинг айтишларича , У ёшлигидан ўйинқароқ бўлмаган бўлиб, балки қатиятли, зийрак ва ўта кучли хотира эгаси хисобланган.
Ҳадис илмининг ҳозирги кунгача етиб келишига бир қатор буюк муҳаддис олимлар хизмат қилиб ўтган. Ана шундай муҳаддислардан бири Имом Нававийдир. У зотнинг куняси Абу Закариё, лақаблари Муҳиддин бўлган. Аммо ка мтарлиги боис Муҳиддин деб лақабланишни ўзларига эп кўрмаганлар. Чунки дин доимий ҳаёт ва собит бўлган нарсадир, тирилтирувчи кишига муҳтож эмасдир деб айтардилар. Лаҳмий у зот ҳақида: “Мени Муҳиддин деб атайдиганларни дўст тутмайман, деб айтдилар” дейдилар[4].
[1] Имом Нававий. Риёз уз-солиҳин. -Дамашқ. Мактабатул манор нашриёти. 1989 й – Б.9
[2] Абдулғаний Дақар Имом Нававий.. -Байрут. Дорулқалам нашриёти. 1994й. –Б.21.
[3] Имом Нававий. Ал-азкор. -Дамашқ. Дорулқалам нашриёти. 1993й. –Б.16
[4] Абдулғаний Дақар. Имом Нававий. -Байрут. Дорулқалам нашриёти. 1994й. –Б.21.
Ахунжанов Қобилжон
таълим муассасаси ўқитувчиси