Ислом фиқҳида иқола тушунчаси
Қуръони каримда амалга оширилган бир ақднинг бузилиши билан боғлиқ тўғридан-тўғри бирон бир ҳукм йўқ. Бироқ оятда амалга оширилган келишувларнинг бажарилиши лозимлиги билдирилган.
يأيها الذين ءامنوا أوفوا بالعقود
Яъни: “Эй имон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинглар”.
Ояти каримадаги аҳдномалар сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузилган ва имзолаб тасдиқлаган ҳозирги урфдаги аҳдномаларни тушунмаслик керак. Бу ерда кенг маънодаги аҳдномалар назарда тутилган. Аввало бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Бунга иймон аҳдномаси дейиладиб ва у ўз ичига Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган. Яна, аҳднома Одам атонинг зурриётидан ҳам олингандир.
Бундай умумий аҳднома ларга инсон ўз ўзига қилган шахсий аҳдлари ҳам киради. Назр атаганми, бирор ишни Аллоҳ таоло йўлида қилишга аҳд қилганми ёки бошқа аҳдларми ҳаммаси киради.
Шунингдек инсоннинг дўстми-душманми бошқа шахслар билан турли жамоатамда гуруҳлар билан тузулган аҳдномалари ҳам савдо-сотиқми қарзми, вакилликми, кафолатми шуларга ўхшаш ишлар ҳам ушбу тушунча остига киради.
Албатта бошқа давлатлар ва халқлар билан тузулган шартномалар ҳам ушбу оятда зикр жтилганаҳдномаларга киради. Аллоҳ таоло муьмин бандаларига хитоб этиб, барча аҳдномаларига вафо этишни буюрмоқда. Зотан, аҳдга вафо Исломдаги энг улкан ҳислатлардандир. Шунингдек, аҳдга бевафолик катта гуноҳлардандир ва ҳадиси шарифда : “Мусулмонлар ўз ораларида белгилаб олган шартларга риоя этадилар” дейилган.
Бироқ шу билан бирга одам боласи баъзи-баъзида олди-бердиларида ёки амалга оширган баъзи ақдларда хатога йўл қўйиши мумкин. Олган молини кейинчалик ёқтирмай қолиши ёхуд мол кўзда тутилган меъёрларга мос тушмаслиги мумкин. Мухаййарлик ҳаққини ҳам сақлаб қолмаган бўлса, ҳақиқатда ёқтирмаган бир молни қўлида ушлаб туришга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Мана шу тарзда олган мол хусусида танг аҳволга қолган кимса молда айб ёки ақдда нуқсон топилмаганда сотувчини ақдни бузишга мажбурлай олмайди. Бироқ вазият унга (сотувчига) баён этиб берилса-ю, у ҳам ўз розилиги билан молни қайтариб олиб, олган сотиш бадалини қайтарса “иқола” амалга ошган бўлади. Шу ўринда томонлардан бири ақдни бузиш борасида танг аҳволда қолгани учун Қуръони каримдаги мўъминларни ўзаро бир-бирларига ёрдамчи бўлиши, яхшиликка тарғиб қилиб ёмонликдан қайтариши, закотнинг зўравонлик билан бойдан олиниб фақирга берилиши каби мавзуларга тегишли оятларнинг умумий ҳукмлари “иқола”ни ҳам ўз ичига олади[1]..
[1] Қаранг: Бақара. 2/282; Анъом. 6/152; Тавба. 9/71; Ҳаж. 22/28, 36.
Абдуллаев Азимжон
таълим муассасаси ўқитувчиси