Гуноҳларни ҳалол санаш куфрдир
Гуноҳи кабира қилганлар диндан чиқмаслиги ҳақидаги ақида аҳли суннат ва жамоат ақидаси эканлиги, унга хаворижларгина қарши чиқишини айтилган маълумот ҳам “ал-Ақоид ас-салоҳия”да ўз аксини топган:
Кимки гуноҳи кабира қилиб келса, бу гуноҳи уни динидан чиқармайди. Ҳақиқатда ҳам бу борада хаворижлар залолатга кетганлардир. Кабира гуноҳ мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга киритмайди.
Гуноҳлар икки турга бўлинади. Кабира ва сагира – катта ва кичик гуноҳлар. Катта гуноҳларнинг сони чекланган. Одам ўлдириш, зино қилиш, сеҳр-жоду ишлатиш, ота-онага оқ бўлиш, судхўрлик қилиш кабилар катта гуноҳлардир.
Улар тўққизтадан то уч юзгача саналган. Хавориж тоифаси катта гуноҳ қилган кимсани кофир бўлади, дейдилар.
Бу қоида уларга раддия сифатида айтилган.
Аллоҳ таоло унга ширк келтиришни кечирмайди. Мана шундан бошқа сағира ва кабира гуноҳлардан иборат нарсаларни ўзи хоҳлаган кимса учун мағфират қилади.
Сағира гуноҳларга азоб бериш, кабира гуноҳларни афв қилиш жоиз бўлади.
Қачонки, кабира гуноҳлар ҳалол санашдан иборат бўлмаса. Чунки, гуноҳларни ҳалол санаш куфрдир.
Муҳаммад Абдураҳманов