Яратилиш санаси 09.04.2026

“Фиқҳ ас-сийра” асарининг аҳамияти

Муаллиф ушбу асарда, дастлаб, сийратни ўрганувчига муҳим маълумотларни муқаддима сифатида келтириб ўтган. Жумладан, сийрат илмининг аҳамияти, унинг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари, айнан Арабистон ярим ороли ислом динининг ёйилиши учун замин этиб танланиши ҳикматлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларининг аввалги самовий даъватлар билан алоқаси, жоҳилият муҳити ва унда ҳанифийликдан қолган баъзи кўринишлар каби мавзуларда маълумотлар берилган. Шундан сўнг муаллиф сийрат воқеаларини баён қилиш асносида улардаги фиқҳий, ақидавий ҳамда ахлоқий жиҳатларни кенг тарзда ёритиб берган. Ҳар бир воқеа сўнггидан ундан олинадиган ибрат ва панд-насиҳатларга алоҳида урғу берилган. 

Юқорида эслаб ўтганимиздек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у зотнинг гап-сўзлари, ишлари ва шахсларидан нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. У зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат. Кейинчалик ҳам турли тоифалар, шахслар, муассасалар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига путур етказиш учун қанчадан-қанча ғаразгўй ҳаракатлар содир этилган.[1] Шу каби сийратнинг айрим жиҳатлари борасидаги нотўғри талқин этилган фикрларга муаллиф томонидан илмий равишда асосли раддиялар бериб ўтилган. Муаллиф мусулмонлар орасига турли мақсадлардаги ботил фикрларни олиб кириш орқали уларнинг имонларини сусайтириш, эътиқодларида турли шубҳалар пайдо қилиш, динларининг моҳиятидан узоқлаштириш каби уринишларнинг бир неча турларини келтириб, бу борадаги фикрларнинг асоссиз эканини баён этишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Ўзларини илм кишиси деб номлаган Ҳусайн Ҳайкал, Муҳаммад Фарид Важдийларни мисол қилиб келтиради. Ҳусайн Ҳайкал “Ҳаёту Муҳаммад” китобида шундай дейди: “Мен сийрат ва ҳадис китобларидаги маълумотларга суянмадим, балки ушбу изланишимда илмий йўлдан боришни афзал билдим”. Муҳаммад Фарид Важдий эса, “Нурул ислом” журналидаги ўзининг “Ас-сийра ал-Муҳаммадия таҳта зовъ ал-илм ва ал-фалсафа” номли мақоласида қуйидагиларни айтган: “Биз, гарчи такаллуф билан бўлсада, оддий сабабият қонунлари билан изоҳлаш мумкин бўлган жиҳатларнинг мўъжизалигига ортиқча эътибор бериб, вақт кетказишни хоҳламаётганимизни ўқувчиларимиз аллақачон мулоҳаза қилиб бўлишган”.[2] Сийратга бундай ёндашув орқали набавий сийратдан пайғамбарлик ҳаётининг асоси бўлган илоҳий ваҳий олиб ташланади. Натижада, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг башариятга юборган, доимо Ўзи мўъжизалар билан қувватлаб турган пайғамбари эмас, балки, илоҳий ваҳийдан холи бўлган кучли нотиқ, ўткир воиз, фавқулодда истеъдоли бир шахс сифатида гавдаланади. Ваҳоланки, сийрат воқеаларининг аксари илоҳий ваҳий билан бевосита боғлиқдир. Яна баъзилар эса, Муҳаммаднинг даъвати – фақирларнинг бойларга қарши қўзғолони, деб сийрат моҳиятини шу тарзда талқин этишади. Бошқалар эса, Пайғамбаримизнинг кўп хотинли бўлганлари каби баъзи масалаларни нотўғри изоҳлаш орқали у зотнинг пок сийратига нуқсон етказишга уринишади. Муаллиф эса, асар муқаддимасида набавий сийратга қаратилган шу каби салбий қарашларни асосли рад этиб, уларнинг асл моҳиятини илмий-мантиқий тарзда баён этади.

Сийрат воқеалари сўнггидан хулафои рошидин даври ҳам юқоридаги услубда баён қилинган. Китобнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, унинг сўнггида фойдаланувчига қулайлик туғдириш мақсадида мавзуларнинг фиқҳий кўрсаткичи келтириб ўтилган. 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Оламларга раҳмат Пайғамбар”. Тошкент-2011.

[2] Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Фиқҳ ас-Сийра ан-Набавийя. 23-бет. Дамашқ. “Дорул фикр” 1996. 

Абдураҳимов Баҳромжон, 

таълим муассасаси ўқитувчиси