Бировни ҳақорат қилиш...
Динимиз талимоти Ҳанафий мазҳаби фиқҳига кўра, бировни ҳақорат қилган ва сўккан одамга таъзир берилади, гарчи сўкувчи ва ҳақорат қилувчи ҳақ бўлса ҳам. Бир-бирини айблаш ва ҳақорат қилиш натижасида халқ ўртасида бир-бирига олақарашлар, одамлар ўртасида меҳр-оқибатнинг кўтарилиши, бир давлат аҳолисининг иттифоқлиги бузилиши, тарбиясиз одамлар оломони вужудга келади.
Бир киши бошқани: “эй, динсиз!”, “эй, ўғри!”, “эй, хунаса!”, “эй, баччавоз!”, “эй, ҳаёсиз!”, “эй, фосиқ!”, “эй, одобсиз!”, “эй, жоҳил!”, эй, мунофиқ!”, “эй, аҳмоқ!”, “эй, аблаҳ!” дейиши ёки “сен шундайсан!” ёхуд “у бундай!” деб ҳақоратлаши уни ана шундай таъзир жазосига мубтало бўлишига олиб келади. Айниқса, “ал-Ҳидоя”китобидда айтилишича, олим ва обрўли инсонларни: “эшшак”, “чўчқа”, “ит”, “мол”, “илон” деб сўккан кимсаларнинг таъзирларини зинокорни ёки ароқхўрни ургандан кўра қаттиқроқ ва шиддатлироқ қилиб урилади дейилган. ( ал-Ҳидоя).
Бировни ҳақорат қилиш ҳақида гап кетганда, бир нарсани жуда яхши билиб олишимиз даркор. Ота-боболаримиздан қолган гап бор: ғайридинни ҳам кофир деб сўкиб бўлмайди, деган. Бу гап айни ҳақиқатдир. Ҳанафий мазҳабида танилган фиқҳий манбалардан бири “ал-Қуня”да келтирилишича, бирорта яҳудийга ёки мажусийга “эй, кофир!” деса-ю, унга бу гап оғир ботса, айтувчи мусулмон гуноҳкор бўлади, ана шу фикрдан келиб чиқиб, машҳур “Баҳр ар-роиқ”да ҳатто бирорта ғайридинни кофир деб ҳақорат қилган кимсага таъзир берилади, дейилган.
Хулоса қиладиган бўлсак бировни ҳақорат қилишга, ғайридинни кофир деб сўкишга шаръан ҳеч кимни ҳаққи йўқ экан, бирор кимсани, айниқса, олим ва аҳли илм домлаларни сўкишга, ҳақорат этишга асло ҳуқуқ берилган эмас. Бу дунёда таъзирдан қутилиб қолиш, шариъатнинг бу қонунини қўлланмаслиги, ҳақоратни кўриб-кўрмасликка олишлари, индамасликлари мумкин, аммо, ҳар бир нарсанинг ҳисоб-китобини қилиб турувчилар зотни унутмайлик.
Муҳаммад Абдураҳманов