Яратилиш санаси 22.10.2026

ЕТТИ НАФАР ФАҚИҲ САҲОБА ВА МАДИНАНИНГ ЕТТИ БУЮК ФАҚИҲИ

Саҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар фикр билдирганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлсада, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг бўлмаганлар. Фатво бериш билан шуғулланган ёки фавто берган саҳобалар сони 140 нафар атрофида, холос. Улар тўрт нарсани имоматчилик, омонат сақлаш, маслаҳат ва насиҳат қилиш ҳамда фатво беришни бир-бирларига ҳавола қилишни одат қилган эдилар. Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (693-765): "Бу масжидда бир юз йигирма нафар саҳоба билан учрашганман. Уларнинг ҳар қайсисидан бирор ҳадис ёки фатво сўралса, уни биродари яхши билишини айтиб, унга юборар эди", деган эди. Бинобарин, саҳобаларнинг етти нафари энг кўп фатво берган, фатволари жамланган. Масалан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ибн Яъқуб ибн Маъмун Ҳошимий (ІX аср) саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббоснинг фатволарини йигирма жилдли китобда тўплаган.

Энг машҳур етти нафар фақиҳ саҳобалар қуйидагилардир:

1. Умар ибн Хаттоб Розияллоҳу анҳу(585-644);

2. Абдуллоҳ ибн Масъуд Розияллоҳу анҳу (590-653);

3. Али ибн Абу Толиб Розияллоҳу анҳу (600-661);

4. Абдуллоҳ ибн Умар Розияллоҳу анҳу (612-693);

5. Ойша бинти Абу Бакр Сиддиқ Розияллоҳу анҳо (613-678);

6. Зайд ибн Собит Розияллоҳу анҳу (615-665);

7. Абдуллоҳ ибн Аббос Розияллоҳу анҳу (619-686).

Саҳобалар берган фатвоси миқдорига қараб, кўп фатво берувчилар, ўртача фатво берувчилар ва оз фатво берувчилар сифатида тақсимлаб ўрганилади. Ўртача фатво берувчилардан саҳоба Абу Ҳурайра Розияллоҳу анҳунинг (602-679) фатволарини Шайхул Ислом Тақийуддин Субкий (1284-1355) тўплаб, бир рисола тузган.

Мадинаи мунавварада саҳоба ва тобеинлар даврида етти нафар фақиҳ ўзларининг фиқҳий билимлари, фиқҳ соҳа-сидаги маҳоратлари ва фатволари билан ажралиб турганлар. Шунинг учун уларни "Фуқаҳои сабъа” деб юритилади. Улар қуйидагилардир:

Саид ибн Мусайяб ибн Ҳазн Абу Муҳаммад Махзумий Кураший (636-713). Отасининг исмини Мусаййиб ҳам дейилган. У тобеин бўлиб, саҳобаларнинг энг улуғларидан сабоқ олган, ўзининг тақвоси ва билими билан ўша даврда танилган энг машҳур фақиҳдир.

Абу Абдуллоҳ Урва ибн Зубайр ибн Аввом Асадий Кураший (643-712). Тобеинларнинг улуғларидан бири, саховатли кимса бўлган. Фитналарга аралашмасдан, бир муддат Басрада сўнг етти йил Мисрда яшаган. Умрининг охирида Мадинага қайтиб келган.

Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд Хузалий (ваф. 98/716). Мадина муфтийси бўлган бу зот умавийлар халифаси Умар ибн Абдулазизнинг (681-720) тарбиячиларидан бири эди. Ҳадисшуносликда ишончли ровий, деб топилган, умрининг охирида кўзи кўр бўлиб қолган. Басрада вафот этган.

Абу Зайд Хорижа ибн Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок Ансорий (650-717). Бани Нажжор қабиласидан, тобеинлардан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) даврида туғилиб ўсган. Ҳадис ривоятида ҳам ишончли.

Сулаймон ибн Ясор Ҳилолий Маданий (654-725). Мўминлар онаси Маймуна (розияллоҳу анҳо)нинг хизматкорларидан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) даврида туғилган, Саид ибн Мусаййиб (636-713) уни ўзидан кўра олимроқ эканини эътироф қилган. Отаси форслардан бўлган, ҳадис ривоятида ҳам ишончли.

Абу Муҳаммад Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ (657-725). Ишончли фақиҳ, ўзининг парҳезкорлиги билан ҳам танилган тобеинларнинг улуғларидан бири. Ҳаж зиёратига боришда Қадийд деган жойда вафот қилган.

Ҳамидуллаев Исломжон

таълим муассасаси 3-курс талабаси