Бандаларнинг феъллари, амаллари ва қилмишларининг яратувчиси Аллоҳ таолодир
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ӯзларининг “ал-Фиқҳ ал-акбар” китобларида айтадилар:
Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатдан иборат феълларининг барчаси ҳақиқатда уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло эса уларнинг яратувчисидир. Уларнинг ҳар бири Унинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари биландир. Тоатларнинг барчаси вожиб бўлган бўлса, Унинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири биландир.
Гуноҳларнинг барчаси Унинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши биландир, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.
Бу масалада мўътазилийларга раддия бор. Бандаларнинг феъллари, амаллари ва қилмишларининг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Бандалар уларни эгаллаб оладилар, холос.
Аллоҳ таоло уларни яратар экан, қандай бўлишини, қандай амалга оширилишини билиб туради, қазо ва қадари билан белгилаб беради, албатта.
Бироқ, савобли ишларга Аллоҳ таоло бандаларни амр қилган. Агар бандалар уларни амалга оширса, Аллоҳнинг муҳаббати ва ризосига сазовор бўладилар.
Гуноҳ ишлар эса Аллоҳнинг амри, муҳаббати ва ризоси билан амалга ошмайди, балки улардан норози бўлади.
Муҳаммадхон Абдураҳманов