Яратилиш санаси 19.03.2021

АЛЛОҲ ЯХШИ КЎРГАН БАНДА

Куръони каримнинг «Юсуф» сурасида Яқуб алайҳиссаломнинг «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир» деган бир ажойиб сўзи бор: Ёкуб алайҳиссаломнинг ўғиллари Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб келтирадилар ва уни «бўри еб кетди» дея ёлғонлайдилар. Шунда энг суюкли ўғлидан жудо бўлганини англаган Аллоҳнинг пайғамбари бошларига тушган мусибатга чиройли сабр қилмоқни афзал кўрадилар. Инсон шундай яралганки, бошига озгина мушкулот ва мусибат тушса, дарров оҳ-войни бошлайди. Ваҳоланки, ана шу қийинчилик ёки бало Аллоҳ томонидан синов тариқасида, унинг иймонини имтиҳондан ўтказиш учун юборилганини ўйлаб ҳам кўрмайди. Холбуки, ана шу «чиройли сабр қилмоқ» иймоннинг асосий рукнларидан биридир.

...Иши гуриллаб, катта пул топиб, рохат-фароғатда хаёт кечираётган бир танишимнинг бирданига омади юришмай қолди. Сувдай окиб келаётган пуллар тўхтаган, бир-икки қилинган ҳаракатлар катта зарар билан якун топган. Атрофида гир айланиб юрган улфатлар ҳам қаёққадир ғойиб бўлган, ҳатто «кўзининг ёғини еб юрган» бола-чакасига ҳам ёмон кўриниб қолган «қора» кунлар бошланди. Танишим буни Аллоҳнинг бир синови деб тушунмади. Яхши кунларнинг ортидан ёмон кунлар ҳам келишини, бойлик, мол-дунё абадий эмаслигини, Аллоҳ таоло бир кечада бойни камбағал, фақирни бадавлат килиб куйиши хикматини англаб етмади. Ана шу кичик бир имтиҳонга сабр қилишни билмади. Аксинча, дуч келганга зорланди, «менга яна қанақа зулминг бор эди» дея тақдиридан нолиди, оҳ-вой қилиб, аламини бола-чакасидан, якинларидан олди. Бу билан аҳвол ўзгармади. Охири ҳасталаниб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди.

Яқинда бир дўстимнинг уйлатган-жойлатган ёлғиз ўғли халок бoлди. Фожиадан унинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, берилган тасалли, насиҳатлар қулоғига кирмас, якка «энди менга хаёт тамом, ўғилгинам, сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди!» дея фарёд чекар, кўзларидан ёш селини оқизарди. Унинг холатини тушуниш керак: фарзанд доғи ёмон, айникса, ёлғиз ўғлингдан ажраш ундан-да ёмон, келининг ёлғизгина ёдгори билан бўзлаб қолганини кўриш ундан ҳам ёмон. Лекин бундай пайтларда кўпни кўрган қариялар, зукко уламоларнинг тавсиясига кўра сабрли бўлмоқ, айникса, мусибат етган илк дамлардаёқ сабр қилиш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Биров йиллар бўйи йиғиб-терган бойлигидан бир кечада ажраб колади, эр-хотиннинг уртасига совуклик тушиб васвасасига учрайди. Бировнинг тирикчилиги оғирлашиб, оиласини боқиш илинжида ўзини ҳар ёнга уради, аммо нажот топилмайди. Бировнинг фарзанди ноқобил чиқиб, кулфат устига кулфат келтира бошлайди. Кимгадир энг содиқ дўсти хиёнат қилади, кимнингдир ўттиз йиллик амалидан сабабсиз олиб ташлашади. Нима, ана шундай холатларда улар хаётдан тўйиб ўзининг жонига касд килиши, ёки тупроққа ўт қўйиши керакми? Ёки кўкрагини захга бериб, дод-фарёд чекиши керакми? Йўк албатта, бундай ҳолатда фақат сабр қилиши, Аллоҳ берган мусибатларга, ташвишларга, синовларга сабр-токат билан чидаши керак. Чунки, Қуръони каримда ваъда килинганидай: «Аллоҳ сабрлиларни ёктиради» ёки «Аллоҳ сабрлилар билан биргадир».

Хадиси кудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй бандаларим, мен бандалар ичидан бир мўъмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтихон қилсам, у Менга ҳамд айтиб имтихонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хатодан (гунохлардан) онаси туққан кунидек пок булиб туради».

Энг комил инсон Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ҳамиша мўъмин-мусулмонларни сабрли бўлишга даъват қилганлар, ҳаттоки бирор юмушга киришиш, бир қарорга келишда ҳам шошилмаслик, сабрли бўлиш зарурлигини ўқтирганлар. Хазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Иймоннинг афзали-сабрли ва кенг қалбли булишдир», «Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларидан билинади» деган муборак хадислари бор.

Донишмандлар «Сабр-қулларни подшохларга айлантиради» дейишган булса, Хасан ал-Басрий «Сабри бўлмаган кишининг - дини йўк», деганлар. Яна бир донишманд эса: «Одамларнинг бахтлироқлари - қалби илмга ташна кишилар, жисми сабр килувчи ва қўлидаги бор нарсага каноат қилувчилардир», деб ёзиб қолдирганлар.

Шундай экан биз ҳам шундай мақталган сабирлилардан бўлишимиз учун синовли кунларга шунчаки назар билан эмас, Аллоҳ таолонинг синови эканини англаган ҳолда сабр ила енгиб ўтишимиз икки дунёмиз учун ҳам яхши бўлади.

 

Исломжон ҲАМИДОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси