Имом Абу Ҳанийфа роҳимаҳуллоҳ
Ривоят қилинишича, Шом шаҳрининг фақиҳи Авзоъий Абу Ҳанифага ҳамаср эди. У Абдуллоҳ ибн Муборакка: «Куняси Абу Ҳанифа бўлган, Кўфа шаҳридан чиққан бу бидъатчи ким?» деганида, Ибн Муборак жавоб бермасдан, балки ноаниқ, чигал, фаҳмга оғир келадиган бир масалани ва у ҳақдаги фатвони айта бошладилар. Авзоъий: «Бу фатвонинг соҳиби ким?» деб сўради. Ибн Муборак: «Мен Ироқда йўлиққан бир шайх», дедилар. Авзоъий: «Бу киши машойихлар ичида илм жиҳатидан устунроқ экан. Бориб ундан илмингни кўпайтир», деди. Ибн Муборак: «Бу Абу Ҳанифадир», деб айтдилар. Кейин Авзоъий Абу Ҳанифа билан Маккада учрашиб, Ибн Муборак айтган масала ҳақида гаплашишди. Абу Ҳанифа эса у масалани тушунтириб бердилар. Икковлари ажралишганидан кейин Авзоъий Ибн Муборакка: «У кишини кўп илми ва ақли туфайли бахтли деб ҳисоблайман. Аллоҳдан мени мағфират қилишини сўрайман. Мен у киши тўғрисида очиқ хато қилибман. У киши келтирилган хабарларнинг хилофи (акси) эканлар», деди.
Дарҳақиқат, Абу Ҳанифанинг шахсиятлари кучли бўлиши билан бирга чуқур таъсирлари ва нуфузлари бор эди.
У кишининг фатво бериш, хабарни аниқлаш, ҳадисни тушуниш ва ундан ҳукмлар чиқаришда ўзларига хос йўллари бор эди.
Муҳаммадхон Абдураҳманов