Яратилиш санаси 24.03.2021

Шариъат Аллоҳникидир

Аллоҳга беадад ҳамду санолар, жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга солават ва саломлар бўлсин. Муқаддас динимиз ислом дини кимдир томонидан ўйлаб топилган дин эмас, балки Аллоҳнинг бандаларга раҳмати ўлароқ юборган шариати бўлиб, бундан баҳраманд бўлишни чеклашга ҳечкимнинг ҳаққи йўқ. Бугунги кунимизда баъзи кимсалар томонидан асоссиз даъволар ва сиёсий ўйинларга алданиб, минг йиллардан бери шу динга иймон келтириб, намоз ўқиб, рўза тутиб ва имкон қадар ибодат қилиб келаётган мумин мусулмонларни айрим гуноҳлари сабаб кофирга чиқараётганлар кузатилмоқда. Тарихда “Хаворижлар” Қурони карим ояатларни нотўғри талқин қилишлари натижасида Али ибн Абутолиб бошчилигидаги мусулмонлар жамоасини кофирга чиқаришган ва бунинг оқибатида кўплаб ноҳақ қонлар тўкилган эди. Бир мусулмонни кофир дейиш унинг устида қуйидаги ишларни ҳукмини олиб келади: 

  1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
  2. Болалари унинг қарамойидан чиқади.
  3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
  4. Уни маҳкамага бериб муртад деган ҳукм чиқарилади.
  5. У ўлса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
  6. Ўша ҳолида ўлса жаҳаннамий бўлади.

Шунинг учун ҳам тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қиладилар. 

Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳи худди шундоқ қилганлар ва «агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак» деган. Бу борада Имом Ғаззолий:  “Адашиб мингта кофирни тирик қолдиришинг , адашиб бир муминни “ҳижома” миқдорида қонини тўкишингдан яхшироқдир” , деган. Зеро шариат ташқарига чиқармаганларни кофир, мунофиқ каби иймонсизликка оид сўзлар билан аташ холис Исломга зид бўлган оқибати аянчи амалиётлардандир. Аллоҳ мағфират қилган ва ундан рози бўлган кишини кофир деб ҳақорат қилиш соҳибини дунё ва охиратда уялтириб қўядиган амаллардандир. Аллоҳ барчамизни икки дунё шармандалигидан Ўз паноҳида асрасин. Амин! 

                                                      

Нуриддин Хошимов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси