Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳонинг насаблари
Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умму Руммон бинти Омир Канония исмли хотинлари бор эди. Бу аёл жоҳилият пайтида Абдуллоҳ ибн Хорисга турмишга чиқиб, ундан Туфайл исмли ўғил кўрган эди. У вафот этгандан сўнг Умму Руммонга Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйланган эдилар.
Умму Руммон ҳам Исломга аввалгилардан бўлиб кирган эди. Ана ўша Ислом фидокорлари бўлган эр-хотиннинг оиласи ўша пайтдаги энг муваффақиятли иломий оилалардан ҳисобланар эди.
Умму Руммон қиз кўрди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига тўрт-беш йил бўлиб қолган эди. Янги меҳмонга “Оиша” деб исм қўйишди.
Ўша пайтда мусулмон ота ва муслима онадан туғилган фарзанд нодир эди. Оиша ўшандоқ нодир фарзандлардан бўлиб, исломий оилада ўса бошлади.
Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади:
“Эсимни таниб,ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан”.
Исломга фидокор ота-онанинг тарбиясида қизча мурғаклигидан иймонли, тақволи, ихлосли бўлиб ўсди.
Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг оқсоқоли, у зотнинг энг яқин сирдошлари, у зот билан ёшлигидан бирга ўсган,у зотга биринчилардан бўлиб иймон келтирган, мусулмонлар оз сонли бўлган бир чоғда у зотнинг жонларига оро кирган бир одам эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг “Сиддиқ”деган шарафга сазавор бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меъожга чиқиш ҳодисаси билан боғлақ. Яъни, пайғамбаримизнинг меъожга чиққани ҳақидаги ҳабарни Ҳазрати Абу Бакр ҳеч бир иккиланиш ва тараддудсиз қабул қилган. Ваҳоланки, одамзот ақлига сиғмайдиган бу ҳодисани тасдиқлаш учун инсоннинг кўкси тўла иймон бўлиши керак. Шунинг учун Исро ҳодисасидан кейин пайғамбаримизга иймон келтирган бир қисм одамлар муртад бўлишган. Уларнинг бу улуғ муждани тасдиқлашга қувватлари етмаган.
Ўша муборак кунларнинг бирида бир гуруҳ мушриклар Абу Бакрнинг ёнига шошиб бориб:
“Биродаринг тўғрисида нима дейсан? У кечаси Байтулмақдисга бориб келганини даъво қиляпти”, деганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Агар у зот шудай деган бўлса, рост айтибди. Мен бунга заррача шубҳа қилмайман”, деган. Мушриклар эса таажжубланиб: “Сен ҳам унинг кечаси Байтулмақдисга бориб, тонг отишидан олдин қайтиб келганини маъқуллайсанми?”, дейди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса: “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан-да ғаройиброқ хабарларни айтганларида ҳам ҳеч иккиланмай тасдиқлардим”, деб Аллоҳнинг душманларини мулзам қилади. Шундан сўнг Ул зотга пайғамбаримиз “Эй Абу Бакр, сен Сиддиқсан” деб таъриф берадилар.
Оиша розияллоҳу анҳони оналари ўша пайтда муслималарга ўрнак бўладиган Ислом учун фидокор аёл эдилар. У билиб туриб, турли хавф-хатарларни ўз бўйнига олиб, эри кирган динга кирган вафодор хотин эдилар. У бошқалардан поклиги ва ихлоси билан ажралиб турардилар. Умму Руммон Абу Бакр розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат қилиб, Ясрибни муборак Мадинага айлантирганларидан кейин ҳижрат қилган. Ибн Саъднинг ривоятига кўра, Умму Руммон ҳали пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида (ҳижрий 6-йили) вафот этадилар. Шунда Набий алайҳиссалом бу аёлнинг қабри олдига бориб, истиғфор айтадилар.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси