Яратилиш санаси 25.12.2021

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ёшлик даврлари

Ислом ҳоким бўлган бир вазиятда етишган Нўъмон ибн Собит кичик ёшда Қуръони каримни ёд оладилар. Қироатни, етти қоридан бири сифатида танилган Имоми Осимдан олганликлари ривоят қилинади. Нўъмон ёшлик пайтларида тижорат билан машғул бўлиб, ипак отар, вақти-вақти билан илм ҳалқаларига ҳам қатнашар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар.

Кейинчалик машҳур тобеъин Имом Шаъбий ()раҳматуллоҳи алайҳнинг тавсия ва қўллаб-қувватлашлари билан таълим ва таҳсилда давом этганлар. Араб тили адабиётидан шеърият, сарф ва наҳвни пухта ўргандилар.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Абу Ҳанифанинг аввал тижорат билан машғул бўлишликларининг замирида қандайдир бир илоҳий ҳикмат яширин десак муболаға бўлмайди. Чунки у зот бозордаги олди-сотди қилиш, пул ва нақдларнинг тасарруфи, қарз олди-берди каби ва бунга ўхшаш жуда кўп инсонлар орасида жорий бўлиб турган муомалотлар ҳақида кенг кўламли тажрибага ега бўлдилар. Гўёки тижоратчиликдаги фаолиятлари амалий таълим бўлса, фиқҳни ўрганишликлари назарий таълим эди[1]

У зот вояга етган Куфа шаҳри ва бутун Ироқ минтақаси исломий-ғайриисломий бир қанча тушунча, эътиқодий фирқалар мавжуд бўлган, эътиқод билан боғлиқ қизғин тортишувлар қилинган бир шаҳар эди. Диндор бир оилада вояга етган Абу Ҳанифанинг ҳам бу эътиқодий мунозара ва тортишувларга вақти-вақти билан иштирок этиб турганликлари маълумдир. Имом Шаъбий раҳматуллоҳи алайҳнинг Абу Ҳанифани илмга бўлган тарғиб ва ташвиқини аллома Ибн Ҳажар Маккий шундай ҳикоя қиладилар: “Бир куни Шаъбийнинг ёнидан ўтиб қолдим. У ўтирган экан. Мени олдига чақириб: 

- “Кимга аралашасан?” деди. 

- Мен эса: “Бозорга аралашаман” дедим.

- “Мен бозорни айтаётганим йўқ, уламоларга аралашишни айтмоқдаман” деди. 

- Мен: “Мен уларга оз аралашаман” дедим. 

- Шунда у: “Ундоқ қилма! Илмга назар сол! Уламолар мажлисига бор! Мен сенда сергаклик ва фаолликни кўрмоқдаман” деди. Унинг бу сўзи менинг ичимда яхши бир таъсир қолдирди. Тижоратни ташлаб, илм йўлини тутдим. Аллоҳнинг инояти билан Шаъбийнинг бу сўзи менга кўп фойдалар келтирди.”

Имом Шаъбийнинг бу тавсияси Абу Ҳанифа учун ўзлари эътироф қилганларидек бир бурилиш нуқтаси бўлган. Шундан кейин у зот тижорат ишини дўсти Ҳафс ибн Абдурраҳмонга[2] топшириб, ора-сирада дўконга бориб турганлар. Асосий ишлари эса илм таҳсилида давом этиш бўлган. Ўша пайтда Нўъмон ҳали 22 ёшда эдилар.

Абу Ҳанифа яшаган жой ва давр эътиқодий фирқалар кўпайган, бир қанча залолатга кетган фирқалар пайдо бўлган, Умавий ҳукмдорларининг Аҳли байтга зулм ва тазйиқи давом этган ҳолатда эди. Мантиғи жуда ҳам кучли бўлган Нўъмон ибн Собит ҳеч бир фирқага боғланмасдан илм таҳсилини давом эттириб калом илмига юзлангандилар. Тортишув ва мунозара (жадал) учун тез-тез Басрага бориб турдилар. Лекин калом ва жадалнинг диндан ташқари бир иш эканлигини кўрганларидан кейин фиқҳга берилдилар. 

Яҳё ибн Шайбонийдан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганлар: "Мен каломда тортишиш қобиляти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашиб, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўпроғи Басрада эди. Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил ундан кўпроқ ёки озроқ турдим. Ўша пайтда калом илмларнинг афзали деб билар эдим. "Бу калом диннинг аслидир" дердим. Унда бир муддат умрим ўтгандан кейин ўйлаб қолдим ва "Салафлар ҳақиқатларни билувчироқ эдилар. Шунга қарамай мужодала қидмай, ундан тийилганлар. Улар шариат илмига шўнғиб, унга рағбат қилишди. Уни таълим олиб, таълим беришди ва унда мунозаралар қилишди" дедимда калом (илми)ни тарк қилдим ва фиқҳ билан машғул бўлдим. Калом (илми) билан шуғулланувчиларнинг юзларида солиҳларнинг сиймоси йўқлигини, қалблари қосиятли ва қаттиқ эканлигини кўрдим. Улар китоб, суннат ва салафи солиҳларга қарши эканларига эътибор хам бермас эдилар".

Имом Абу Ҳанифа Фиқҳ таҳсили қилгани қарор қилиб, салафларнин г йўлидан боришга киришганларида одатга риоя қилган ҳолда ўзларига бир устозни танладилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари имом Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади: “Каломга назар солар эдим, ҳатто бунда менга бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Аби Сулаймоннинг халқаси яқинида ўтирар эдик. Кунларнинг бирида бир аёл келиб, “Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлди. Неча талоқ қилади?” – деди. 

Ҳаммоддан сўрашга ва қайтиб келиб менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўраганида, у: “Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ қўйяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча уни ўз ҳолига қўяди. Қачон ғусл қилса, бошқа эркаклар учун ҳалол бўлади” – деди. Аёл қайтиб кетди. 

Мен, каломга ҳожатим йўқ дедимда, кавушимни олиб Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Мен унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишар эди. Шунда у: “Халқанинг бошида, менинг рўпарамда Абу Ҳанифадан бошқа ўтирмасин!” – деди.

Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси