Тафсир илмининг қисмлари
Биринчи қисм – “Тафсир бил маъсур”. Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг мушҳурлари – Имом Муҳаммад ибн Жарир Тобарийнинг “Жомиъул баён фит тафсирил Қуръон”, имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг “Маъолимут танзил” Имом Имомуддин Исмоил ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонул азим” Имом Жалолиддин Суютийнинг “Адурул мансур фий тафсир бил маъсур” китобларидир.
Иккинчи қисм – “Аттафсири бир райъ”. Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди билан тафсир қилади ва у иккига, жоиз ва ғойри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жахолат ва залолатдан узоқда бўлган ҳолда тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирларни маън қилганлар. Жоиз бўлган яъни рай билан қилинган тафсирлардан: имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг “Мафотиҳул ғайб”, имом Муҳаммад ибн Али Байзовийнинг “Анварут – танзил ва асрорут - таъвил”, имом Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Мадорукут – танзил ва ҳақоиқут - таъвийл” қитоблардир.
Учинчи қисм – “Тафсири ишорий”. Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишорлари тақозоси билантафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубларидир. Бу қисмга тегишлик бўлган тафсирлардaн: Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг “Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон”, имом Шерозийнинг “Ароисул баён фи ҳақоиқул Қуръон” китоблардир.
Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Ўрта Осиё “Мовароуннаҳр” ва “Хуросон” имомлари ила зикр қилинган. Тарихий ислом китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, термиз, Шош, Марв ва Ўзган шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган. Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадир, уларнинг баъзилари хозир ҳам ўз номлари билан аталиб келинмоқда.
Мусулмонлар келиб фатҳ қилганидан кейин, Аллоҳ таоло бу диёрларни ҳам ўзининг ислом нури билан мунаввар қилди.ерлик аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг, аввалги мусулмонлар кейинги мусулмонларга исломни ўргата бошлади. Бу илмларнинг ичида тафсир илми ҳам бор эди. Аллома Ибн Халдун таъкидлашича, уларда ислом илмларининг қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди.бир оз вақт ўтгандан кейин муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қуръон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар, деб эътироф қилиндилар. Уларнинг сардорлари имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эдилар. “Кашфи Зуннун” номли қилинишича, у зот “Тафсири Кабир” деган алоҳида биркитолб таъвил қилган эканлар, лекин мазкур китоб бизгача етиб келмаган экан. Шунга қарамасдан Имом Бухорий тафсир илмига доир улкан асар қолдириб кетганлар, у зотнинг “Жомеъус саҳиҳ” китобларида Қуръони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.
Иккинчи хижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлганидан кейин, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар. Улардан:
- Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топганлар ва 333 хижрий йилда вафот этганлар. У кишининг кўплаб китоблари тавҳид илмида, яъни илми каломда бўлган. Имом Мотуридий ўзларининг “Таъвилоту аҳлис сунна” номли тафсирларида илми калом уламолари йўлидан борганлар ва Қуръони Карим оятларини ақийдада Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
- Имом Абу Лайс Самарқандий бўлиб, у зот Имом Ҳодий номи билан машҳур бўлганлар. У киши хижрий 373 санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китобларни таълиф қилганлар, улардан “Баҳрул улум” тафсирлари “Тафсир бил маъсур” тоифасига киради.
- Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий. Бу улуғ имом Хоразмнинг Замахшар қишлоғида 467 хижрийда таваллуд топиб, 538 хажрийда вафот этганлар. Замахшарий ўзларининг юрталарига дафн қилинганлар (Замахшар қишлоғи хозирги Туркманистон жумхурияти Тошховуз шаҳридан 30 чақирим узоқликда жойлашган). Имом Замахшарий турли илмларга доир кўплаб китобларни тасниф этганлар. Булардан – “Кашшоф ан ҳақоиқи ва уюнил ақовили фий вужухит таъвил” номли тафсир китоблари бўлиб, у кўпчиликка “Кашшоф” номи билан машҳур бўлган.
- Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммада ибн Умар ибн Ҳусайн Розий 534-хижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар. У кишининг “Мафотиҳул ғайб” номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни васуралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606-хижрий санада вафот этганлар.
- Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Бу киши Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. Имом Насафий 701-хижрий санада вафот этганлар. Имом Насафий ўзларининг “Мадорикут танзил” номли тафсир китобларини таълиф қилишда Имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсир китобларидан фойдаланган холда таълиф қилганлар. Имом Насафийнинг “Мадорикут танзил” бу китоблари хозирги кунгача уламолар ва толиби илмлар орасида ўзининг алоҳида ўрнига эга.
Бундан ташқари, Мовароуннаҳрда “Итқон”, “Тафсири Нўъмоний”, “Тафсири Тибён”, “Тафсири Мавлоно Чархий” каби махаллий тилларда ёзилган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.
Турсунов Абдулбоқи
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси