Яратилиш санаси 10.01.2022

ИСЛОМДА ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ

“Жиҳод” сўзи луғатга асосан “бор имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш” маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади. Бироқ “жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўша   даврда душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам “жиҳод” дейилган. Ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик жиҳод деганда фақат қитол тушуниладиган бўлиб қолган. 

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар. 
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда  эса шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”. Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин. 

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчаси ўрганиб чиқилганида шу нарса маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради. 

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади. 

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурди. У куч ишлатишни “жиҳод” деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган “Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Мен бу   асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади. 

Давоми бор... 

Юнусов Шарифжон 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими