Ислом динида инсон қадри
Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик. (Исро сураси 70-оят).
Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам динимиз ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар ақл юритишга, фикрлашга, назар солиш ва ибрат олишга ундалади. Ақл юритмайдиган кишилар эса, қаттиқ танқид остига олинади:
Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу ҳаво йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, фаришталардан ҳам олий мақомда бўлади. Агар инсон ақлини ишлатмаса, Роббисининг кўрсатмаси асосида ҳаёт кечирмаса, ҳайвондан ҳам тубан бўлиб кетади. Буни ҳозирги замонимизда айрим юртларнинг ғайри инсоний муносабатларни ҳам маъқуллашидан гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ислом динига кўра барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи, на хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13-оят).
Шунинг учун ҳам динимизда одамларни ирқий мансублиги ва танасининг ранги бўйича бир-биридан афзал кўришни тақиқлайди. Машҳур саҳобалардан бири Абу Зарр Ал-Ғифорий разияллоҳу анҳу бир қора танли қулларидан аччиқланиб, онаси ҳам қора экани билан айблаганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ ғазабланганлар ва шундай деганлар: “Эй Абу Зарр! Сен уни онаси билан айбладингми?! Сенда жоҳилият одати бор экан! Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остиларингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари қўл остида экан, ўзи еган таомдан уни ҳам едирсин, кийган кийимидин кийдирсин. Уларга оғир келадиган ишларни буюрманглар. Агар оғир ишга буюрсангизлар, уларга ёрдам беринглар”, дедилар”, (Имом Бухорий ривоятлари).
Дунё тарихида Исломдан бошқа ҳеч бир дин ва таълимот хизматкорини хожасига биродар деб атамаган. Ушбу ҳадиси шарифдан киши қўл остидаги ходим, ишчиларига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида аниқ кўрсатмалар берилган.
Маълумки, тарихда қуллар ва чўрилар бўлган. Ислом қулликка қарши курашиб, унинг олдини олиб келган умуминсоний дин ҳисобланади. Динимиз қулдорликни йўқотиш мақсадида жуда катта ва улуғ ишларни жорий қилган. Жумладан, ҳадисларда садақанинг энг афзали қул озод қилиш экани таъкидланган.
Қулдорлик ҳозирда қолмаган. Лекин афсуски, ҳозирги кунда одам савдоси билан шуғулланиб, ҳур-озод инсонларни қул қилиб сотиш ёки айрим оналикка нолойиқ аёллар ўзларининг мурғак фарзандларини сотиш ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, динимиз инсонни сотишдан, уни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло айтди: “Мен Қиёмат кунида уч тоифа кишига душманман: (Биринчиси:) менинг номим билан қасам ичиб, сўнг хиёнат қилган киши; (Иккинчиси) ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; (Учинчиси:) бир инсонни ишлатиб, ҳақини бермаган кишидир” (Имом Муслим ривоятлари).
Очиқ кўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга қарата айтамизки: “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг!”. Ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади. Ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ёмонларнинг ваъдасига алданмайди.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар: “Эй, одамлар! Қонингиз, молингиз ва обрў-эътиборингиз бир-бирингизга ҳаромдир!”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юқоридаги муборак насиҳатларидан хабари йўқ баъзи ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали тўғри келган кимсани ғийбат ва бўҳтон қилиб, қанчадан-қанча мусулмонларнинг обрўсини тўкиб, гўё ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва бўҳтон қилишга рухсат бордек, ҳаром иш қилмоқдалар. Ваҳоланки, ғийбат ижтимоий тармоқда бўладими ёки ундан бошқа жойда бўладими, фарқи йўқ – ҳаромдир.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсониятни қанчалар азизу мукаррам қилиб яратган бўлса, одамизот шу қадр қимматини сақлаши, Роббиси уни нима учун яратганини мулоҳаза қилиб, Унга ибодат қилиши ҳамда ер юзини обод қилиши лозим. Бунинг учун эса, Аллоҳ таолони таниши, У Зот буюрганидек ҳаёт кечириши, ўзи учун керакли бўлган фойдали илмларни эгаллаши керак.
Рашидов Аброрхўжа
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими