ИСЛОМДА ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ-2
Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар.
Биз билган ислом Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир”.
“Мазкур фикр ва мижоз исломи, уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар.
Ҳар биримиз кўзларимизни юмиб олиб, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар”, деб хаёл қилайлик. Ул зот мазкур мижозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?”
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.
Юнусов Шарифжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими