Бекорчилик ёмон одат
Халқимиз ”Бекорчидан Худо безор” деб хўп билиб айтган. Барча ёмон ва бемаъни ишлар ҳам аслида бекорчилик ва ишсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир киши мустақил касб-ҳунар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Касб-ҳунари қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар, халққа манфаатли бўлсин.
Муқаддас ислом динимиз ҳам мўминларни ҳалол касб қилмоқликка, жамиятга фойда келтирувчи шахс бўлишга тарғиб қилади. Ўтган барча пайғамбарлар ҳам ўзлари мустақил касб-ҳунар билан шуғулланиб, ўз умматларига ҳалол касб қилиш борасида чиройли намуна бўлишган. Хусусан, Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни ўрганганлар, Довуд алайҳиссалом моҳир темирчи бўлиб, мустаҳкам совутлар ясаганлар, Мусо алайҳиссалом саксон йил қўй боқганлар. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам пайғамбар бўлмасликларидан аввал қўй боққанлар ва тижорат билан шуғулланганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим.” Маълум бўлишича ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомга икки бор тижорат учун сафар қилганлар.
Динимиз касб-ҳунарни қадрлайди ва кишининг ўз қўли билан қилган касбини Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисоблайди. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас у Ернинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳ) берган ризқлардан тановул қилингиз, (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир.”
Имом Термизий ҳадисларида Пайғамбар (а.с) шундай деганлар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ касб билан шуғулланувчи кишини яхши кўради.” Имом Бухорийда эса: “Шубҳасиз сизларнинг бирингиз арқон олиб, елкасида ўтин кесиб келиши одамлардан сўрашидан – сўраган нарсасини берсалар ҳам, бермасалар ҳам – яхшироқдир”. Ибн Можжа, Аҳмад ва Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Ҳеч ким ўз қўли билан ишлаб топган таомдан ҳам яхшироқ таом емаган.” деб марҳамат қиладилар. Табароний ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда: “Ҳалол касб фарздан кейинги фарздир.” – деганлар.
Умар ибн Хаттоб ишламайдиган одамларни учратиб, улардан нега ишламайсизлар деб сўрабдилар. Шунда улар: “Биз Аллоҳга таваккул қиламиз.” – деб жавоб берибдилар. Умар ибн Хаттоб уларга: “Йўқ, ёлғон, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи киши аввал ерга дон экиб қўйиб, сўнг Аллоҳга таваккул қилади. Ҳеч бирингиз эй Аллоҳ менга ризқ бер дея, ризқ изламай ўтириб олмасин. Ҳолбуки осмондан на олтин ва на кумуш ёғилур.” – деб айтган эдилар.
Умар ибн Хаттоб камбағалларни садақаларга суяниб ишламай қўйишликларидан қайтариб шундай деганлар: “Эй камбағаллар, яхшиликларда мусобақалашинг, мусулмонларга боқиманда бўлиб қолманг.”
Саид ибн Мансур Ибн Масъуддан ривоят қилади, у киши деди: “Мен на дунё ва на охират иши билан машғул бўлмаган бекорчи кишини кўришни ёмон кўраман.”
Яна халифа Умар ибн Хаттоб: “ Мен бир кишини кўраман, у менга ёқади, сўнг ундан ҳунаринг борми деб сўрайман. Агар у йўқ деса ўша киши назаримдан қолади.” – деган.
Дарҳақиқат, инсоннинг ҳалол касб қилиши, меҳнат қилиб пул топиши ҳам мисли ибодатдир. Инсон Аллоҳ унга берган имконоятлардан самарали фойдаланиши, куч-қувватини, шижоатини тўғри йўлларга сарфлаши ҳамда ҳалол меҳнат қилиши, оқибатини эса Аллоҳга таваккул қилиши лозимдир. Ризқ Аллоҳдандир. Банда Аллоҳ унга насиб қилган ризққа рози бўлмоғи ҳамда унинг шукрини гўзал тарзда адо этмоғи керак. Мусулмон киши мол-мулкка эришиш, кундалик эҳтиёжларини қоплаш учун ўзи ҳаракат қилади, изланади, сабр-тоқат қилиб ҳалол меҳнат қилади. Оқибатда эришган ютуқларини Роббисидан деб билади. Демак, динимиз касб-ҳунар эгаллашга, жамиятга фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишга катта эътибор берган, бекорчиликни эса қаттиқ танқид қилган ва касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга нафақат ундаган, балки буюрган. Бу мақсадга эришиш йўлида ота-она фарзандига боланинг салоҳияти ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёшлигиданоқ керакли кўрсатмаларни бериб, илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериши лозим. Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўз касбининг устаси бўлишларига ундаш, бу уларнинг дини олдидаги фарзи, халқи ва ватани олдидаги масулияти эканлигини тушунтириш, бу йўлда уларга ёрдам бериш ота-оналарнинг вазифаси ҳисобланади. Шундагина улар эгаллаган ўз билим, ҳунар, кўникма ва мутахассисликлари асосида чет элларда иш излаб турли ёлғон йўлларга кирмай, балки ўз халқининг равнақига ҳисса қўша оладиган, ватани, олдидаги ўз бурчини ҳис қила оладиган юртимизнинг порлоқ келажаги ўз қўлида бўладиган ҳақиқий ёшлар бўлиб улғаядилар.
Қадрли ўқувчи! Бу мавзудан банданинг ҳалол меҳнат қилиши, бировнинг қўлига қараб қолмаслиги қанчалар муҳим эканини билиб олдик. Қўлимиздаги имкониятлардан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланайлик.
Биз тафаккур қилиб, имкониятларимиздан фойдаланиб тадаббур қиламиз. Оқибатини эса Роббимизга таваккул қиламиз. Аллоҳ бизга насиб этган неъматларга шукр қилиб, бунинг учун Роббимизга ҳамдлар айтамиз. Аллоҳ барчамизни хайриятга бошласин!
Абдулносир БОБАМИРЗАЕВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси