Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг илмий асарлари-2
- “Ал-васийя” – ҳажми жуда кичик рисола бўлиб, уни Имомнинг мужтаҳид шогирдларидан бири Имом Абу Юсуф Яқуб ибн Иброҳим ривоят қилганлар. Машҳур усулий олим Ибн Нужай Мисрий ўзларининг “Ал-ашбоҳ ван-назоир” номли китобларининг охирида тўлалигича келтирганлар. У асосан Имомнинг ўз яқинларига насиҳатларидан иборат бўлиб, кўпроқ бу иршодлар Имом Абу Юсуфга қаратилган. Доктор Абдулваҳҳоб Зоҳиднинг айтишларича, Ҳалбдаги Мактабатул вақфия номли кутубхонада унинг қўлёзма нусхаси мавжуд экан. Имом Абу Ҳанифанинг бундан ташқари “Ар-родду алал-қодария”, “Китобуш-шурут”, “Китобул-фароиз”, “Китобул-осор”, “Китобул-мақосид”, “Китобул-иржоъ”, “Китобур-рисола ила Усманил-Биттий” каби рисолалар ҳам таълиф этганликларини баъзи олимлар таъкидласалар, баъзилари эса, бу китобларнинг Имомга нисбат берилиши саҳиҳ эмас дейдилар.
- “Муснад” – Имом Абу Ҳанифага нисбат берилган бу асар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, асосан Имом Абу Ҳанифа ривоят қилган ҳадисларни ўз ичига олади. Имомнинг “Муснад”ларини машҳур шогирдларидан бири Ҳасан ибн Зиёд Луълуий ривоят қилганлар. Кейинчалик Қозий Абул Муаййид Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий[1] Имомга нисбат берилган ўн бешта “Муснад” ривоятларини жамлаганлар. Бу ўн бешта “Муснад” ровийлари қуйидагилар:
- Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Хорисий ал-Бухорий.
- Имом Абул Қосим Талха ибн Муҳаммад ал-Бағдодий.
- Имом Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Музаффар ал-Бағдодий.
- Имом Абу Нуайм ал-Исбаҳоний.
- Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқий ал-Ансорий.
- Имом Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн аби ал-Журжоний.
- Имом Умар ибн Ҳасан ал-Ушноний.
- Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Килоъий.
- Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий.
- Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний.
- Имом Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ал-Куфий
- Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний (бу ривоят “Осор” деб номланади).
- Имом Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Саъдий.
- Имом Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Балхий.
- Имом Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Мовардий.
Абул Муаййид Хоразмий “Муснад”нинг бу ривоятларини фиқҳий боблар асосида тартибга келтирдилар ва “Жомиъул масонид” деб номладилар. Бу ҳақда ўзлари шундай дейдилар: “Шомда баъзи бир жоҳил кишилар у (Абу Ҳанифа)ни қадрини пасайтириб, кичик санаб ундан бошқани эса қадрини кўтаришаётганини эшитдим. Имоми Абу Ҳанифани оз ҳадис ривоят қилган деб билишар эди ва бунга Абул Аббос Асом жамлаган Имом Шофеъийнинг “Муснад”ини, Имом Молик “Муватто”си ва Имом Аҳмад “Муснад”ларини машҳур эканини далил қилишар эди. Улар “Абу Ҳанифанинг “Муснад”и йўқ, у фақат бир нечта ҳадис ривоят қилган холос” деб ўйлардилар. Мени диний ҳамиятим ва ҳанафийлик ғурурим қўзғатдида, буюк олимлар жамлаган ўн бешта “Муснад”ни бирлаштиришга киришдим”.
Кейинги олимлар томонидан “Муснад” устидан кўплаб илмий ишлар олиб бориб, уни мухтасар қилинган ва унга шарҳлар ёзилди.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси