Одоб-ахлоқ инсондаги энг гўзал хислатдир
Ислом дини барча мўмин-мусулмонларни одобли, хуш хулқли, ширинсўз, ҳалимли, камтар, олий жаноб бўлишга даъват этади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон оятлари орқали бундай деган: «Аллоҳ берган раҳмат туфайли уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, улар атрофингиздан тарқалиб кетар эдилар». (Оли-Имрон сураси, 159- оят, мазмуни). Демак инсонлар Қуръони карим ҳукмларига амал қилиб, хулқу одобларини тузатсалар, жамиятда, оилада хушмуомала, меҳрибон, олий жаноб бўлсалар, абадий саодатга эришадилар...
Ҳар биримиз кунига бир қанча киши билан рўбарў келамиз, муомала қиламиз, суҳбатлашамиз. Агар одобли, маданиятли, хушхулқ, камтар ва ҳалим кишиларнинг суҳбатидан, муомаласидан диллар шод, қалблар масрур бўлса, айрим бадхулқ, дилозор, қўпол кимсаларнинг муносабатларидан, беодоблигидан ранжиймиз, кўнглимиз оғрийди. Шунинг учун ҳам Шарқда кишиларнинг ахлоқ-одобига катта аҳамият берилган. Болаларни ёшлигиданоқ чиройли хулқ, шарқона одоб асосида тарбиялашга ҳаракат қилинган. Айниқса инсониятга улуғ ҳидоят ва чексиз саодат олиб келган Ислом динимиз ахлоқ-одоб масаласини олий даражага кўтариб қўйди. Айниқса бу борада олий хулқ соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари юриш-туришда, оилада, жамоат орасида комил хислатлари, юксак одоблари, олий фазилатлари билан намуна кўрсатганлар, умматларини ҳам шунга чақирганлар. Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос беролмайди», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига берилган нарсаларнинг энг яхшиси-чиройли хулқдир» дедилар.
Абу Ҳурайранинг розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расули акрам: «Жаннатга тушишга сабаб бўладиган нарса нима?» деб сўрадилар ва бунга ўзлари: «Аллоҳдан қўрқиш ва яхши хулқли бўлишдир», деб жавоб қайтарганлар. Минг таассуфки, яқин ўтмишда шарқона ахлоқ-одобимизнинг минг йиллик тажрибаларидан «Эскилик сарқити» дея воз кечилгани, исломий тарбияни таълим-тарбия муассасалари уёқда турсин, хатто оиладан, ҳаётдан қисиб қисиб чиқарилгани оғир мусибат, катта йўқотиш бўлди. Унинг ўрнига ўта ахлоқсизлик, катталарни менсимаслик, беҳаёлик, ичкиликбозлик, ўтмиш меросга нафрат асосига қурилган «янгича ахлоқ», «оврупача одоб» зўрлаб тарғиб қилинди. Бу кулфатларнинг «мева»сини, улар етказган зарарини бугун ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Мустақиллик туфайли миллий қадриятларимиз, шарқона ахлоқ-одобимиз аста-секин ўзимизга қайтмоқда. Мусулмонлар ҳаётининг энг майда икир-чикир одобларилари юртимизга ташриф буюрмоқда. Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилиб, яхши хулқли, одобли бўлишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлидан адаштирмасин, омин!
Насритдинов Ривожиддин
Билим юрти маънавий-маърифий
ишлари бўйича мудир ўринбосари