Яратилиш санаси 20.01.2022

Ақоид илмининг номлари

Ақоид илми ўз тарихининг турли босқичларида шароит ва тушунчалардан келиб чиқиб, бир неча номлар билан аталган.

Дастлабки вақтда Исломий илмларнинг барчаси битта “Ислом” номи остида эди. Кейинроқ ундан ҳар хил илмлар ўзига хос ном билан ажраб чиқа бошлади. Ақоид илми ҳам ўзининг охирги номида барқарор бўлгунча бир неча исмларни алмаштирди.

“Ал-Фиқҳул Акбар”.

Ақоид илмига “Ал-Фиқҳул Акбар” номини берган киши Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдирлар. У киши ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни “Ал-Фиқҳул Акбар” деб номлаганлар. Бу китоб чоп қилинган. Ҳанафийлар ва бошқалар томонидан ўрганилади.

Аслида, фиқҳ сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади. Намоз, рўза, олди-сотди, бошқа муомалалар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга фиқҳ деб айтилади.

Шаръий ақийдавий аҳкомларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга эса, “Ал-Фиқҳул Акбар” – катта фиқҳ, деб айтилади. Чунки, шу илм бўлмаса, уни тушуниб етилмаса, қилган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам, амалий фиқҳ – кичик фиқҳ, ақийдавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади. 

“Илми Калом”.

Бу исм ақоиднинг энг машҳур исмидир. Бу исм ўзидан олдинги исм – “Ал-Фиқҳул Акбар” исми билан бир асрда, яъни иккинчи ҳижрий асрда зоҳир бўлгани кўринади. Чунки, бу исм имом Абу Ҳанифа ва имом Молик, имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида Илми Калом ва Мутакллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар.

“Илми калом” исмининг ишлатилиши эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала шу илмда ўрганилганидандир.
(давоми бор..)

Нуриддин Хошимов

“Ҳидоя” ўра махсус ислом
билим юрт мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар