Чақимчилик жазоси...
Абубакр ибн Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: Бир подшоҳнинг доно вазири бор эди. Ҳар куни подшоҳнинг ёнига кирганда: «Яхшилик қилганга яхшилик қил, бадкорга ўзининг бадкорлиги кифоя»,— деркан. Подшоҳ у вазирни ҳурмат қиларди. Аммо мулозимлардан бири у доно вазирни кўролмасди. Бир кун у ҳасадчи мулозим подшоҳга айтди: — Вазирингиз доимо сизни ёмонлаб: «Подшоҳнинг оғзидан бадбўй, сассиқ ҳид келади, яқинига боришга асло тоқат қила олмайман»,— дейди.
Подшоҳ ҳасадчидан:
— Бу сўзингга далил кўрсата оласанми?—деб сўради.
Ҳасадчи: — Вазирни ҳузурингизга чақиринг, бурнини тутиб кирса, тўғри сўзлаганимни биласиз,— деди.
Нобакор мулозим подшоҳ ёнидан чиқиб, вазирнинг ёнига борди, уйига зиёфатга таклиф қилди. Вазир меҳмон бўлиб келгач, уни сассиқ саримсоқ қўшилган овқат билан зиёфат қилди. Вазир зиёфат тамом бўлгандан кейин ҳасадчининг уйидан чиқиб, тўппа-тўғри подшоҳнинг ёнига борди. Подшоҳ: «Яқинроқ кел!» дегач, вазир «тағин подшоҳ сассиқ саримсоқ ҳидидан беҳузур бўлмасин» деб бурнини тутиб подшоҳга яқинроқ борди. Подшоҳ буни кўргач, мулозимнинг сўзи тўғри эканига ишонди.
Подшоҳнинг бир одати бор эди: кимга илтифот ёки ғазаб қилса, хат ёзиб муҳрлаб: «Бу хатимни менинг саройим бошлиғи қўлига бер»-—деб хатни у кишига топширарди. Сарой бошлиғи хатни ўқиб подшоҳ нима буюрган бўлса, уни амалга оширарди.
Подшоҳ одати бўйича хат ёзиб, муҳрлаб вазирга берди, сарой бошлиғига топширишни буюрди. Вазир хатни олиб кетаркан, йўлда ҳасадчи мулозим учраб қолиб вазирдан:
— Бу нима хат?—деб сўраб қолди. Вазир: «Подшоҳ менга қимматбаҳо либос инъом қилди»,— деди.
Чиндан ҳам у шундай ўйлаганди. Мулозим вазирга ялиниб-ёлвориб:
— Иккимизнинг яхши танишлигимиз ҳурмати хатни менга беринг, либосни мен олай, бу эса сизнинг қилган зўр илтифотингиз бўлади, бу илтифотингизни ҳеч вақт унутмайман,— деди.
Вазирнинг раҳми келиб, хатни унга топширди.
Ҳасадчи севиниб, хатни олиб бориб сарой бошлиғига топширди. Сарой бошлиғи хатни ўқиб кўриб мулозимларига:
— Бу одамни ўлдиринглар, подшоҳ шундай буюрибди, подшоҳ амрини дарҳол бажо келтиринг!— деди.
Сарой бошлиғининг буйруғини эшитиб, ҳасадчи:
— Бу хат вазирга берилган хат эди, мен ундан тилаб олгандим!—деб дод-фарёд қила бошлади.
Сарой бошлиғи бу воқеани подшоҳга маълум қилди. Подшоҳ буни яхшилаб тафтиш қилгач, ҳасадчининг саримсоқ қўшган таом билан вазирни зиёфат қилгани, вазир эҳтиёт юзасидан бурнини тутгани подшоҳга маълум бўлди, вазирнинг гуноҳсиз эканини билиб, унинг мартабасини яна оширди.
Ҳасадчига эса қаттиқ жазо берди. Подшоҳ вазирига:
— Ҳар куни ёнимга кирганингизда биринчи сўзингиз «яхшилик қилганга яхшилик қил, бадкорга ўзининг бадкорлиги кифоя» дегучи эдингиз, ҳақ экансиз, ҳасадчининг бадкорлиги унинг ўз бошига етди,— деди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи суйган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин!
Манбалар асосида Абдулҳодий ДАДАХОНОВ тайёрлади.
«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси