Яратилиш санаси 23.01.2022

Ақийда далиллари

Ақоид китобларила келадиган барча масалалар “ғайбиёт” деб номланган нарсалардир. “Ғайбиёт” деганда биздан ғоибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келитириш фақатгина ишончли “Мутавотир” хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундоқ нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларни ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўъмин мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир ҳабарларнинг бошида  Қуръони Карим туради. Бу илоҳий китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам исломдан чиқади. 

Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Улардан собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шаҳс ҳам исломдан чиқади.

Баъзи кишилар ақидада келган ҳабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оход деб аталадиганлари ҳам бор. Охот хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди, деганларга қандай жавоб берамиз, дейишлари ҳам мумкин.

Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир ҳабарлар билан собит бўлганидек, охот хабарлар билан ҳам собит бўлади.

Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шаҳс кофир бўлади. 

Оҳод ҳадилар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса, кофир бўлиб исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра ва Муҳаммад Носириддин Албонийлар оҳод хабарлар билан эътиқодот масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг гаплари асосида исбот қилинганлар.

Шайҳ Муҳаммад Абу Заҳра роҳимаҳуллоҳ: аслида ақийдаларнинг собит бўлиши фақат таъвилини қабул қилмайдиган Қуръон оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оход хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақида қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда баъзи ақидага оид нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир деб атамаймиз, деган маънодаги гапларни ёзганлар. 

Жумладан, Муҳаммад Носириддин Албоний: “Баъзилар “Ақийда фақтгина қатъий далил, оят ва мутавотир ҳадис билангина собит бўлади”, деган фикрга борганлар. Бу бидъат қавлдир. Шариатда асли йўқ қавлдир. Салафи солиҳлар бу гапни айтмаганлар ва улардан буни бирор киши нақл ҳам қилмаган”, деб ёзганлар.

 Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар