Касб-ҳунар - инсон ризқни калитидир!
Ислом дини ўзининг илоҳий таълимотлари орқали бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга чорлайди. Оила, фарзанд жамиятнинг асосий бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан бошлаб илму-фан, касбу-ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Аллоҳ таоло барча жонзотлар ичида ўзининг ақл, фаросат ва фаҳми-идроки билан мумтоз бўлган инсонга тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқ билан умр ўтказишдек тўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Албатта, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради, Унинг розилигини топишга васила бўлади. Чунки, инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечакка эҳтиёж сезади.
Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 10-оятида: яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”, марҳамат қилган. Демак, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларидан бирида: яъни, “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”,-деб марҳамат қилганлар. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишга васила бўлади. Оддий, ҳалол касб қилиш ҳақида Имом Термизий ривоят қилган ва чиройли ҳадис деб таърифлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги таълимлари билан танишиб, керакли хулоса чиқарайлик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар: “Уйингда бирон нарсанг борми?”. У жавоб берди: “Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсасини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва айтдилар: “Буларни ким сотиб олади?”. Саҳобалардан бири: “Мен уларни бир дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб ансорийга бериб, дедилар: “Бир дирҳамга таом сотиб олиб, аҳлу-аёлинга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел, деб амр қилдилар”. У одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларини бажариб, ҳузурларига болта сотиб олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан унга соп ясадилар ва болтани унинг қўлига бердилар-да: “Энди бориб, ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Шунда Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу маблағнинг бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!”. Сўнгра: “Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”, деб айтдилар.
Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: “Илмни талаб қилиш фарз бўлганидек касб-ҳунарни талаб қилиш ва уни эгаллаш фарздир”. Ўтган барча пайғамбарлар бирон касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечирганлар. Одам алайҳиссалом буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, тегирмондан ўтказиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ алайҳиссалом дурадгор-уста бўлганлар. Иброҳим алайҳиссалом баззозлик қилганлар Довуд алайҳиссалом совут, Сулаймон алайҳиссалом чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё алайҳиссалом нажжорлик қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом чўпонлик ва савдогарлик қилганлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб ҳалол-пок ҳаёт кечирганлар.
Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ “Китоб ал-иктисоб” (яъни, “Касб-ҳунар”) асарини ёзиб, касб-ҳунарни эгаллаш борасидаги Ислом таълимоти назарияси асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди. Хулласи калом, Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига ҳалол ризқ-рўзий сабабларини эгаллашга, уни эгаллаш учун саъю-ҳаракат қилишга амр этмоқда.
Мамлакатимиз ўзининг мустақиллигига эришган дастлабки вақтларданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий ва маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. Барча вилоят ва шаҳарларда касб-ҳунар ўргатадиган таълим даргоҳлари очилди, уларда диёримизнинг минглаб ўғил ва қизлари меҳнат, касб-ҳунар малакаларини изчил ўргандилар ва шу бўйича илмларини яна ҳам давом эттирмоқдалар.
Сўнги икки йил ичида касб-ҳунарга доир илм-малака берувчи ўқув муассасаларини тамомлаган фарзандларимизнинг мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши мутасаддилар доимий диққати марказида турган масалалардан ҳисобланилади ва Муҳтарам Юртбошимиз бунга алоҳида эътибор қаратяпти. Янгидан бир қанча завод фабрикаларни ишга тушириб, аҳолининг айниқса шундай салоҳиятли, касб-ҳунарли ёшларимизга бўш иш ўринларини яратиб аҳолининг бандлигини таъминлашга, юртимиз халқи фаровон, яхши яшашлиги учун, мамлакатимиз тараққий топиши учун қанчадан-қанча хайирли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимизни, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб барчамиз келажакка ишонч билан қараш, жамиятимизнинг турли соҳаларида ишлаётган олийжаноб ва меҳнаткаш халқимиз, ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ва бу улуғ савоб иш эканини асло унутмаслигимиз керак.
Шавкатжон Мадаминов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
ўқув услубий бўлим бошлиғи