Яратилиш санаси 25.01.2022

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ХАТАРИ

Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири ҳисобланади. 

Аслида, интернет, айниқса ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда. 

Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.

Шунинг учун ҳам халқимиз, хусусан ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг ана шундай хатарларидан энг асосийларини бири ёлғон ва асоссиз хабарларнинг тарқалиши. 

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят). 

Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:“Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).

Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.

Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди. 

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади. 

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар. 

Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. 

Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг кўплиги

Уламолар, имом-домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар. 

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир. 

Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (“лайк”)ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради. 

Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади. 

Шу ўринда эслатиб ўтишни лозим деб топдик, ҳуқуқий жиҳатдан бирор-бир маълумот, матн, аудио ёки видеофайлни тарқатиш қонун нуқтаи назаридан “ахборот тарқатиш” сифатида баҳоланади. Тарқатилган маълумотда бировнинг обрўсига путур етказиш, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, ёлғон хабар тарқатиш ёки радикал ғоялар мавжуд бўлса, бу қилмишни содир этган шахсга қонунчилигимизда жазо муқаррар эканини ҳам унутмаслик зарур.

Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Муҳими – улардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига хушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади. 

Насритдинов Ривожиддин
Билим юрти маънавий-маърифий
ишлари бўйича мудир ўринбосари