Яратилиш санаси 29.01.2022

ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ – ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ТАҲДИДДИР!

Экстремизм мазмунига кўра – дунёвий ва диний кўринишда намоён бўлиш билан бир қаторда ҳудудий, минтақавий, халқаро шаклларга эга. 

Дунёвий экстремизм сиёсий, иқтисодий, миллий, этник ва мафкуравий кўринишларни ниқоб қилиб, ўз мақсадига етишга ҳаракат қилади. Сиёсий экстремизм намоёндалари ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун куч ишлатиш усулларидан фойдаланиб, мавжуд сиёсий тузилмаларнинг барқарор фаолият юритишини издан  чиқаришга ҳаракат қилади. 

Сиёсий экстремизмнинг миллатчилик кўриниши турли миллат ва этник гуруҳлар ҳуқуқини инкор этишда намоён бўлади. Миллатчи экстремистлар фаолияти кўп миллатли давлатларда фаолият олиб бориб, туб миллат ҳукмронлигини ўрнатишга қаратади. Бундай экстремизм миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви, бағрикенглик тамойилларини поймол қилиш ва халқлар ўртасида можаролар чиқишига олиб келади, тинчлик-осойишталикка таҳдид солади.

Диний экстремизм, аввало, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан қарама-қарши фикр ва ҳаракатда бўлади. Диний, маърифий тушунчаларни тескари тарғибот ва ташвиқот қилиб, дунёвий давлатга қарши курашишда фойдаланади. Диний экстремистик руҳдаги қарашларни ислом дини, католиклар, протестантлар, православлар орасида ҳам учратиш мумкин.

Экстремизмнинг турли кўринишлари сўнгги вақтларда дунёнинг кўп мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасида ҳам ўзини намоён эта бошлади. Турли диний экстремистик ташкилотлар янгидан мустақилликни қўлга киритган давлатларга таҳдид солмоқда. Улар вақтинчалик қийинчиликларни рўкач қилиб, аҳолини, айниқса ёшлар онгини ақидапарастлик ғояларини сингдиришга уринмоқда. Фарзандларни йўлдан уришга, ўз ота-онасига, ака-укасига, ўзи туғилиб ўсган заминга, давлатга қарши қўйишга ҳаракат қилмоқда. Яна айтиш мумкинки, экстремизм мафкуравий нуқтаи назардан уларнинг мақсадига мувофиқ келмаган ҳар қандай фикрларни инкор этиб, ўзининг носоғлом қарашларини қўпол равишда кимларгадир мажбурлаб қабул қилдиришга ҳаракат қилади. Экстремистлардаги хусусиятлардан яна бири ўз тарафдорлари томонидан уларнинг ҳар бир топшириқларини сўзсиз бажариб, итоат қилишини хоҳлайдилар. Улар ақл-идрокни эмас, балки, акси бўлиши идроксизликни ўзларига мададкор қилиб олишган. Айнан шу ноижтимоий ҳолат уларни тажовузкор мафкура ортидан эргашганликларини кўрсатади. Афсусланарли ҳолат шуки, ҳозирги замонда халқаро терроризм ва диний экстремизм вакиллари эътиқод ва маънавий йўналишларни, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиб, ҳаёт неъматини оёқости қилиб, ўз мақсадларини фанатизмга асослаган террорчи камикадзе (ўзини ўзи ўлдирувчи кимсалар) ёрдамида амалга оширмоқдалар. Ачинарлиси шундаки, бу хилда ҳалокатга учраш ёки террор мақсадларини амалга оширувчилар диний ва дунёвий жиҳатдан ўйламасдан, фикрламасдан, таҳлил этмасдан йўқликка юз тутмоқдалар. Уларни шундай фалокатга йўллаётган кимсалар ўзлари тинч-осойишта, роҳат-фароғатда, оила қўйнида умр кечириб ўтаётганларини фикр қилмаяптилар. Ҳолбуки, террорчилар бегуноҳ шахсларнинг умрини ҳазон қилаётганликларини ўйлаб ҳам кўрмаяптилар. Агар ўзини ўзи ўлдириб даража топиш мумкин бўлса нега экстремизм пешволари ўзларини шундай фалокатларга ташламайдилар, деган савол ижрочиларнинг ҳаёлига келмаслигига таажжубланасан. Яна бир қалтис жиҳати шуки, тақдир тақозоси билан вафот этган инсонлардан кўра, биз юксак даражали вазифаларни адо этиб ўлмоқдамиз деб фахрланадилар. Бундай хомҳаёл террор қули бўлишдан бошқа нарса эмас.

Аслида фикр-мулохаза этсангиз ўзини ўзи онгли равишда ўлимга тутиб бериш муқаддас динимизда бир неча оятлар билан гуноҳ эканлиги баён қилинган. Бундан ташқари динимиз таълим-тарбияси ояти каримадан кейинги ўринда турувчи ҳадиси шарифларда ҳатто менга сабр бергин деб, тинчлик-осойишта ва фароғатда турган киши сабрни сўрашдан қайтарилганининг гувоҳи бўласиз. Бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбар (а.с) Каъбаи муаззама соясида ўтирган вақтларида саҳобалардан бири дуо қилаётганини кўрдилар. У дуосида “Эй бор Худоё менга сабр бергин” деяётган эди. Шунда уни чақириб барча ҳолатини сўраб, тинч-омонлигини билганларидан сўнг бундан буёғида сен асоссиз сабр тиламагин. Офиятдаги одам сабр сўраса ўзига бало тилаганларни қаторида бўлади”, дедилар. Қаранг, динимизнинг таълимоти бизларга тинчлик-осойишталикка тарғиб этиши билан бир қаторда, мусибат ва ҳалокатлар даврида инсон ўзига тасалли оладиган сабрни шукрга алмаштиришга буюряпти.

Дарҳақиқат, одамларнинг жонига қасд қилиш, ўлдириш, тазйиқ остига олиш, аҳолини ваҳимага солиш мақсадида қилинадиган, тинч инсонларни гаровга олиш каби ҳолатлар ва бунинг ортида сиёсий-диний ёки фонатик мақсадларда уюштирилган жиноятларни экстремизм қаторига қўйиш ўринли. Ҳозирда экстремистик гуруҳларнинг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун туғдираётган таҳдидлари, ғайриисломий даъволари ва бузғунчилик фаолияти ҳар бир тафаккур эгасига маълум. Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида олиб бораётган қатъий сиёсатининг моҳияти ва ҳуқуқий асослари, ақидапараст оқимларнинг бузғунчи фаолиятига қарши маънавий-маърифий ишларни олиб боришдан иборат. Шу маънода экстремизм ва тероризмнинг аср вабоси, ҳозирги замон балоси эканлигини ҳар бир фуқаро маълум даражада тушуниб олиши даркор бўлмоқда.

Айтиш жоизки, аввалги динлар қатори ислом динининг ўгитларида ҳам зўравонлик қилиш ёки ғаразли мақсадларда ўз таъсир кучини ўтказишни салбий иллат ёки бузғунчилик деб қаралган. Бинобарин, ислом динининг том манодаги асл моҳияти шундан иборатки, кишилик жамияти ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этишни такрор-такрор уқтириб боришдан иборатдир. Ислом дини маърифатпарвар, тинчлик ва меҳрибонлик улашувчи, одамларга раҳм-шафқат ва адолат узра муҳаббат ва дўстлик ришталарини боғлашга буюрувчи, адолатпешалигининг барча замон ва даврда кенг жамоатчилик томонидан иқрор қилиб келинган.   Унинг кўрсатмаларини ер юзидаги аксарият давлатлар ва уларнинг аҳолиси қалбига, онг-шуурига тонг ёришишдаги нурафшон ёруғлик каби беғараз етиб борган. 

Дунёдаги динларнинг ичида энг меҳр-оқибатлиси ислом дини бўлиб келганлигини барча дин вакилларининг гувоҳлик беришидан билиш мумкин. Бундан ташқари ислом дини ер юзидаги инсонларнинг миллий, диний ва ирқий муносабатларини бир тану бир жон каби бўлишларини мувофиқлаштириб келганлиги барчага маълум. Унинг бағрикенглиги бирор бир замон ёки бирор бир жой ёҳуд бирор бир миллат учун хосланмайди. Муқаддас динимизнинг бағрикенглиги шундан иборатки, у инсонларни турфалигига аҳамият қаратмасдан, уларга инсонийлик нуқтаи назари билан эътибор қаратиб, меҳр-мурувват, инсонпарварлик туйғусида бўлишга чақиради. 

Шу мазмунда соф имонли, динга эътиқод қилувчи шахс ўзгаларга ёки жамиятга нисбатан салбий, жирканч ҳис-туйғуларни қалбидан чиқариб юборишга куч топа олади. Одатда имонли инсон атрофдаги шахслар томонидан одобсиз ва ахлоқсиз муомала содир этилганда ҳам инсонпарварлик ҳис-туйғусини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши лозим. Унинг ички туйғу ва эҳтирослари ақл-идрок ҳамда соф  виждонидан ғолиб келмайди. Аслида соф имон ва эътиқодга эга бўлган мўмин-мусулмоннинг қалби ҳамиша нурли бўлиши лозим. 

Ислом дини яратилган барча мавжудотга, жумладан инсон фарзандига очиқкўнгиллик, иззат-эҳтиром билан муносабатда бўлишни кўзда тутади. Шу маънода жамиятдаги бирор шахсга ёки халққа бузғунчилик, душманлик кайфиятида бўлиш каби эҳтирослар инсон қалбидан жой олиши учун имконият бермайди. Том маънодаги эътиқод ҳамда имон неъматига эга бўлган ҳар қандай шахс юқоридаги инсонпарварлик омилини тўғридан-тўғри қабул этиб, унга амал қилади. 

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ