Тафриқа кулфатдир
Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилиб шундай марҳамат қилинди: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.
Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, дея марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).
Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Асл мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни нотўғри маънога буриб одамларни чалғитмоқдалар.
Жумладан, ўзларининг турли хилдаги жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан “безамоқдалар”. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса”. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз”. (Сажда сураси, 22-оят). Ушбу ояти карима ва келтирилган ҳадиси шарифлардан шуни ҳулоса қиламизки агар инсонларни ноҳақлик ила моли ва жанига тажовуз қилинса ёки шундай ишларга буюрилса, бунинг дунё ва охиратда оғир мусибатларга мубтало бўлар экан.
Ҳозирги кунда муҳтарам юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати ўлароқ аввалда ана ўшандай бузғунчи оқим ва тоифаларнинг таъсирига тушиб қолган, бугунги кунда адашганлигини тушуниб етиб чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларга нисбатан авф эълон қилинмоқда. Уларни жамиятда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаётга қайтишларига имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ, адашганлигини тан олмай, бузғунчи ғоя ва мафкурасидан воз кечмайдиган, экстремистик оқимларни қўллаб қувватлайдиган тоифаларга нисбатан юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Бир жаҳолатга қарши ўн маърифат” шиори остида кураш давом этаверади. Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш инсонга ҳос бўлган ҳислатлардан эмас.
Ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ берган неъматни гапириш ҳам шукрдир, гапирмаслик куфрдир. Жамоат раҳмат, тафриқа эса, кулфатдир”.
Демак доимо Аллоҳ таолонинг раҳматига, яхшиликларига интилар эканмиз, кулфатга етакловчи тафриқага эмас балки хайрли амалларга ҳарис бўлиб, бирдамликда ҳаёт кечирмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлар экан.
Ҳамидов Исломжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси