Яратилиш санаси 31.01.2022

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг машҳур шогирдлари - 1

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устозлари Ҳаммод ибн Аби Сулаймон вафот этганларидан сўнг то умрларининг охиригача Куфадаги илм мажлисини давом эттирдилар. Натижада жуда кўп инсонлар Имомдан дарс олишлик бахтига муяссар бўлдилар. Арабларда “كما يكون المربى يكون المربى” дейилганидек, Имомнинг шогирдлари ҳам етук фақиҳ бўлиб етишиб, ўз илмларини ва устозларининг мазҳабини бутун дунёга ёйдилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким фиқҳни ўрганмоқчи бўлса, Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини лозим тутсин” деган эканлар. Шайх Аҳмад Маккий айтадилар: “Имомнинг етти юздан зиёд шогирдлари бўлиб, уларнинг барчалари мусулмонларнинг машойихидирлар”. Шайх Муваффиқул Маккий ўзларининг “Маноқиб”ларида Имомдан қуйидагиларни ривоят қиладилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ пешқадам шогирдаларига ишора қилиб, “Булар ўттиз олти киши, уларнинг ичидан йигирма саккизтаси қозиликка, олтитаси муфтийликка ва иккитаси – Абу Юсуф ва Зуфар – қози ва муфтийлар тарбиялашга салоҳиятлидирлар” деган эканлар. 

Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари жуда кўп бўлиб, Аллома Кардарий ва Муҳаммад ас-Солиҳийлар ўзларининг Имомнинг маноқибларига битган асарларида бирма-бир санаб ўтганлар. Биз қуйида Имомнинг энг машҳур шогирдларини зикр қилиш билан кифояланамиз. 

  1. Имом Зуфар 

                         Зуфар асҳобимнинг қиёсга энг моҳири.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ичида илм, амал, шараф ва ҳасаб жиҳатидан энг катта ва улуғи Имом Зуфар ҳисобланардилар. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс ал-Анбарий Басрий бўлиб, ҳижрий 110 йил таваллуд топганлар. Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ денгизи, ўз вақтининг энг закий, доно, ўткир фаҳм-фаросатли, илм, ибодат, фиқҳ ва ҳадисни ўзида жамлаган олий ҳиммат инсон эдилар. Имом Абу Ҳанифа билан шогирдликда жуда кўп вафт бирга бўлганлар. Бу ҳақида ўзлари “Мен Абу Ҳанифа билан йигирма йилдан зиёд бирга ўтирдим. Инсонларга ундан кўра насиҳатгўй ва мушфиқ кишини кўрмадим” деганлар. Ўз навбатида Имом Абу Ҳанифа ҳам суюкли шогирдлари Имом Зуфарни улуғлар, ҳурмат, эҳтиром кўрсатар эдилар. “У асҳобларимнинг қиёсга энг моҳири” деб мақтар эдилар. Имом Зуфарнинг никоҳ хутбасини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари ўқиб қуйидагиларни айтган эдилар: “Бу Зуфар ибн Ҳузайл мусулмон имомларнинг имоми. Шараф, насаб ва илмда буюкларнинг буюгидир”. 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ вафотларидан кейин у зотнинг илмий халқаларини Имом Зуфар давом эттирдилар. Имом Зуфар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг соҳиблари ичида энг билимдони эдилар. У зот Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан каби машҳур бўлмаганликларининг сабаби умрларининг қисқалиги бўлган. Имом Зуфар ҳижрий 158 йил, яъни устозларининг вафотларидан 8 йилдан кейин вафот этганлар. 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири Фазл ибн Дукайн Имом Зуфар ҳақида шундай дейдилар: “Имом (Абу Ҳанифа) вафот этгандан кейин Зуфарни лозим тутдим. Чунки у Абу Ҳанифанинг асҳобининг энг фақиҳи ва зоҳидроғи эди”. Бунга ўхшаш ҳолат Вакиъ ибн Жарроҳни ҳам ҳаётларида ўз аксини топган. Вакиъ машҳур муҳаддис бўлишларига қарамай, Имом Зуфардан таълим олар ва у зотга қарата “Сизни Имом Абу Ҳанифадан бизга ўринбосар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин” – дер эдилар. Бошқа бир ривоятда эса, Вакиъ ибн Жарроҳ “Менга Имом Зуфар билан бирга ўтиришлик наф берганидек, бирор кишининг мажлиси манфаатли бўлмади” – деган эканлар. 

Имом Зуфар ибн Ҳузайл ўта тақволи ва парҳезкор бўлганлар. Иброҳим ибн Сулаймондан ривоят қилинади: “Зуфар билан бирга ўтирсак, унинг олдида мол-дунё ҳақида гапиришга ботина олмасдик. Бирортамиз уни (мол-дунёни) зикр қилиб қолсак, у ўрнидан туриб кетар ва ўша заҳоти мажлисни тарк қилар эди”. Ҳасан ибн Зиёддан ривоят қилинади: “Зуфар ва Довуд ат-Тоий биродар эдилар. Довуд фиқҳни тарк қилди ва ибодатга юзланди. Зуфар эса, ҳар иккаласини жамлади”. 

Кейинги йилларда Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳнинг сийратлари ва асарларини ўрганишда алоҳида битилган илмий рисолалар:

  • الامام زفر وآراه الفقهية   Мусанниф: Абул Яқзон Атийя
  • الامام زفر بن الهزيل: اصوله و فقهه   Мусанниф: Абдусаттор Хомид
  • Бундан ташқари ўтган асримизнинг машҳур олимларидан бири Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ҳам Имом Зуфарнинг сийратларига бағишлаб бир рисола таълиф этганлар.

 

Абдураҳимов Баҳромжон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси