РАЖАБ ОЙИ РАМАЗОНГА ТАЙЁРГАРЛИК ОЙИДИР!
Ражаб ойи муҳаррам ойлардан ҳисобланади. Шунинг учун бу ойларда бошқа ойларга қараганда алоҳида эътибор бермоғимиз яхшидир. Бу ойларда нафл ибодатларни кўпроқ қилмоғимиз мақсадга мувофиқдир.
Биз Ражаб ойида асосан Рамазон ойи учун тайёргарлик кўриб борамиз. Чунки солиҳ салафларимиз Рамазон ҳайитидан бошлаб олти ой рўзанинг қабул бўлишини Аллоҳга дуо қилиб сўрашар ва қолган ойларда эса Рамазонга етказишни Аллоҳдан сўраб дуо қилишар эди. Улар Рамазонни ана шундай интиқлик билан, ошиқлик билан кутишар эди. Аллоҳим ҳаммамизни Рамазонга саломат етказсин.
Рамазон ойида муваффақият қозониш учун ундан олдинги ойларни хусусан Ражаб ва Шаъбон ойларини катта тайёргарлик билан ўтказишимиз керак бўлади.
Чунки спорт мусобақаларида қатнашувчилар зафар қозонишлари учун йил бўйи тайёргалик кўришлари ҳаммамизга маълум. Демак биз ҳам ғолиб бўлиш учун тайёргарлик кўришимиз керак. Шуни унутмайликки ҳамма тайёргарлик кўрганлар ҳам муваффақиятли ўринларга эришавермайди. Чунки тайёргарликлар турлича бўлади.
Ким кўпроқ жидду-жаҳд билан тиришиб тайёрланса мукофот уники бўлади.
Номига тайёргарлик кўрганнинг кўрсаткич натижаси ҳам ўзига муносиб бўлади.
Умуман тайёрланмаган ёки тайёргарлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган кишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ ... (آل عمران133)
“Роббингиздан бўлган мағфиратга шошилинглар” (Оли Имрон;133)
وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ (المطففين:26)
“Бaс, мусoбaқaлашувчилaр мaнa шундa мусoбaқa қилсинлaр!” (Мутоффифийн;26)
Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учун берган туҳфасидир.
عَنْ مُحَمَّدِ ابن مَسْلَمَةَ الأَنْصَارِيِّ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ لِرَبِّكُمْ فِي أَيَّامِ دَهْرِكُمْ نَفَحَاتٍ، فَتَعَرَّضُوا لَهُ، لَعَلَّهُ أَنْ يُصِيبَكُمْ نَفْحَةٌ مِنْهَا، فَلا تَشْقَوْنَ بَعْدَهَا أَبَدًا». رواه الطبراني
Муҳаммад ибн Маслама ал ансорий р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар, дедилар. (Тобароний ривояти)
Бандаларга туҳфа қилинган мавсумларнинг баъзилари Ражаб ойи, Шаъбон ойи ва хусусан Рамазон ойларидир. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандаям бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир. Мусофир сафарга тайёргарлик кўриб чиқса, сафари хайрли, барокатли бўлади. Биз учун дунёдан охират сафарига тайёргарлик кўриб бормоғимиз лозимдир. Бу кунлар эса ўта қимматли ва қайтиб келмайдиган кунлардир.
Лекин бу ойга хослаб белгиланган бирор ибодат йўқ. Шунинг учун ҳар хил ёмон бидъатларга ҳам аралашиб қолмаслик керак.
Бу ойларда Қуръон ўқиш, ҳадислардан ўрганиш, кўпроқ истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош уруғга силаи раҳм қилиш, саломни кенг ёйиш, таом улашиш, икки уришиб қолган кишилар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳий мункар қилиш, тилни ва кўзни сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонга икром кўрсатиш, мусулмонлар юрадиган йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, мусулмонларга азият бермаслик, Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш, аҳли-оиласини хурсанд қилиш, етимларнинг бошини силаб, кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, дўсларининг ҳожатини раво қилиш, пайғамбар с.а.в.га кўпроқ саловат айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларини ортидан дуо қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, масжидга қатнаш, намоздан кейинги дуоларни ҳам бекаму кўст бажариш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, фарзандларга бу кунларнинг улуғ экани ҳақида таълим бериш, мусулмонлар билан яхшиликда ҳамкорлик қилиш каби яхши амаллар билан машғул бўлиш керак.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ