МУНОЗАРА
Ривоят қилинишича, уламолардан бирлари ўз боғларида тоат-ибодат билан машғул эди. Уч киши у зотни масхара қилиб мот қилиш учун мунозарага келдилар. Олим уларни илиқ кутиб олиб, муддаоларини суриштирди ва яқинроқ келиб сўзлашга чақирди.
Биринчи киши келдида деди: “Сизлар Аллоҳ бор, дейсизлар. Агар ҳақиқатдан ҳам бўлса, қани уни менга кўрсатинг-чи?”.
Иккинчи киши келиб сўз бошлади: Сизлар "Қиёмат куни азоб ўт-олов билан бўлади”, дейсизлар. Яна жин ҳам оловдан яратилганини айтасизлар. Энди айтинг-чи. Олов билан олов қандай азобланиши мумкин?”.
Навбат учинчи кишига етди. У: Сизлар “Ҳамма нарса қазо-ю қадар бўйича бўлади”, дейсизлар. Агар шундай бўлса, нега инсон амаллари учун ҳисоб-китоб бериши, жазоланиши керак?”, деди.
Олим ўрнидан туриб, ердан бир ховуч тупроқ олдида уларнинг юзларига қараб сочиб юборди ва деди: “Сизлар сўраган саволларга жавобим шу!”.
Ҳайратдан қотиб қолган, юз қўзлари аламдан, ғазабдан ёниб кетган бу уч киши олимни қозининг ҳузурига етаклаб бордилар ва масалани баён қилиб бердилар. Қози воқеани эшитгач, олимга деди: “Тақсир, саволларига жавоб бериш ўрнига уларнинг юзига тупроқ сочишингизнинг боиси нима? Олим кишининг жавоби шуми?!”.
Олим киши деди: “Ҳа!”. “Нега?!”, дея қозининг қошлари чимрилди. Олим айтди: “Чунки биринчиси мендан Аллоҳ ҳақиқатда бўлса, кўрсатишимни сўради. Энди унга айтинг, мен юзига тупроқ сочганимда чеккан аламини менга кўрсатсин-чи! Кейин мен ҳам у хоҳлаган нарсани кўрсатаман”. Қози биринчи кишидан сўради: “Кўрсата оласанми?!”. Биринчи киши: “Йўқ”, деди. Олим деди: “Энди унга айтинг, жуда кўп нарсаларнинг борлиги кўринишига боғлиқ бўлмайди”. "Иккинчиси мендан Қиёмат куни жинларни ўт азоби билан азобланиши ҳақида сўради. Унга айтинг-чи, ўзи тупроқдан яратилган-у, нега унга тупроқ сочсам алам чекди? Учинчиси бўлса, мендан қазо-ю қадар ҳақида сўради. Инсонларнинг тақдирида нима ёзилган бўлса, ўшанинг бўлишини билди-ю, лекин инсонга хоҳлаган ишини қилиши учун ихтиёр берилганини унутиб қўйди. Агар мен масалан, ўз ихтиёрим билан унинг юзига тупроқ сочмаган бўлсам, бу иш менинг ихтиёримсиз бўлган бўлса, унда нега мени жазолаш учун сизнинг ҳузурингизга олиб келди?”, дея жавоб берди олим.
Қози жавобни эшитиб, уччала “паҳлавон”га истеҳзо билан тикилиб, деди: “Энди менга айтинглар-чи, берган саволарингизга ожиз бир банданинг қилган жавоби Аллоҳнинг ҳамма нарсадан огоҳ, хабардор зот эканини англатмайдими..?
Муҳаммаджон Абдураҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси