Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг машҳур шогирдлари - 2
- Имом Абу Юсуф
Абу Ҳанифанинг Абу Юсуфдан бошқа шогирди бўлмаган тақдирда ҳам унинг ўзи Абу Ҳанифа учун фахр бўла олади.
Довуд ибн Рушайд
Бу зотнинг тўлиқ исмлари Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳубайб ал-Ансорий бўлиб, ҳижрий 113 йил таваллуд топганлар. Ёшлик даврлари фақирлик ва қийинчиликда ўтган. Аввал машҳур фақиҳ Ибн Аби Лайлодан таълим оладилар. Сўнг Имом Абу Ҳанифани лозим тутиб, у зот вафотларигача таълим олиб, буюк мужтаҳид даражасигача эришганлар. Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларини жуда чанқоқлик билан берилиб тинглаганлар. Устозларидан ўн етти йил узлуксиз дарс оладилар. Имом Абу Ҳанифа ҳам Абу Юсуфни илм ва фазлларини эътироф этар ва эҳтиром қилар эдилар. Устозларининг қўллаб-қувватлашлари, қийналган пайтларида ёрдам қўлларини чўзишлари Абу Юсуфнинг илмга бўлган рағбатларини оширарди. Абу Ҳанифанинг вафотларидан кейин Муҳаммад ибн Ҳасан ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби кўплаб олимларга устозлик ва пешволик қилдилар. Яҳё ибн Холид айтадилар: “Абу Юсуф биздан ўзиб кетди. Ундаги нарсанинг энг ози фиқҳ эди. Ваҳолангки, у ана шу фиқҳи билан мағриб ва машриқни тўлдирди”. У зот етук мужтаҳид олим бўлишлари билан бирга устозлари каби ўта обид инсон эдилар. Ҳар кунлик вирдлари икки юз ракат нафл намоз ўқиш эди. Аббосийлар халифалигининг учта халифаси Маҳдий ва унинг икки ўғли: Ҳодий ва Рашидлар даврида бутун халифаликнинг қозиси вазифасида ишладилар. Ана ўша даврларда Ҳанафийлик расмий мазҳаб эди. Фиқҳ қоидалари ҳаёт синовларидан ўта бошлаган ўша йиллари Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ буюк устозлари Имом Аъзам мазҳабларини кенг тарқалишида жонбозлик қилдилар. Таъкидлаб ўтиш жоизки, усулул фиқҳга доир бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб Имом Абу Юсуф биринчи бўлиб жамлаганлар. Лекин афсуски бу рисола бизгача етиб келмаган. Имом Абу Юсуфнинг бизгача етиб келган “Китобул-хирож”, “Ал-Аъмолий”, “Ал-Осор”, “Ар-радди ала сиярил авзои” каби асарлари маълум.
У зот раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 182 йил Бағдодда вафот этдилар.
Кейинги йилларда Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг сийратлари ва асарларини ўрганишда алоҳида битилган илмий рисолалар:
- حياة أبى يوسف Мусанниф: Абдуззоҳир Аҳмад аш-Шофеъий
- أبو يوسف: حياته وآثاره وآرائه الفقهية Мусанниф: Муҳаммад Матлуб.
- فقه وأبى يوسف بين معاصريه من الفقهاءМусанниф: Абдулазим Шарафуддин.
- ابو يوسف وفقه الذى إختلف فيه مع ابى حنيفةМусанниф: Фаҳд Муҳаммад Султон.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси