Устозлар ва илм соғинчи: "Ҳидоя" мадрасаси талабалари анъанавий шаклдаги дарсларни бошладилар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига асосан коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши юқорилигини эътиборга олган ҳолда барча олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда таълим олиш тизими қишқи таътилдан сўнг 24 февралга қадар масофавий-онлайн шаклда олиб борилиши ҳақидаги қарор эълон қилинган эди.
Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонда 2022 йил 7 февралдан бошлаб барча таълим муассасаларидаги ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши тўғрисида янги қарор чиқарди.
Унга кўра, барча таълим ташкилотларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш талаб этилади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида анъанавий дарс машғулотларини бошлаш тўғрисида буйруқ чиқарилди.
Бугун, 7 февралдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида, жумладан Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабалари анъанавий дарсларни бошладилар.
Қишқи таътилдан сўнг масофавий-онлайн давом этаётган Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юртидаги таълим шакли 2021-2022 ўқув йили жараён жадвалига мувофиқ барча курс талабалари учун тўлиқ анъанавий-оффлайн шаклга ўтди.
Талабалар таълим муассасаси биносида ниқоб тақиш ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этишлари билан бирга қишки таътил даврида Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти бино ва аудиториялари, Талабалар турар жойи ва ошхоналарида санитария-гигиена талабларига мувофиқ дезинфекция ишлари амалга оширилган эди.
Вилоятлардан келиб таҳсил олаётган толиби илмлар доимгидек билим юрти Талабалар турар жойига жойлаштирилди.
Онлайн таълим жараёнларидан кўра анъанавий, дарс аудиторияларида, устозлар қаршисида илм олиш талабалар учун бир неча бор самарали ҳисобланади. Устозлар қалбидаги илм ва одоб руҳиятини ҳис қилиш, толиби илмлар, ҳамроҳлар ўртасидаги илмий рақобат, оилавий ва одатий турмуш тарзидан кўра илм ва олимлар мажлисларида кўпроқ бўлиш каби жараёнлар талабаларнинг билимларини оширишга ҳамда ўз устида ишлашига замин яратади.
Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти
матбуот хизмати