Яратилиш санаси 08.02.2022

Савдонинг таърифи ва унинг шаръий ҳукми - 1

Ислом хуқуқида савдо шаръий ақд (келишув) бўлиб, Китоб ва Суннат ҳамда ақлий далиллар билан собит бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: 

احل الله البيع

"Аллоҳ савдони ҳалол қилди", дейди. (Бакара сураси, 275-оят).

Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолат келганида ҳам инсонлар савдо-сотиқ билан шуғулланишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кайтармадилар, балки, узлари бевосита ва билвосита савдо-сотиқ билан шуғулландилар. Савдо-сотиқнинг шаръий эканлигига, уламолар ижмоъ қилишган.

Ақлий далилларга келсак, биласизки, инсон табиатан мол-дунёга ҳирсли қилиб яратилган. Шунингдек, тарихдан маълумки, одамлар ўзаро мол-мулкларини бирор нарса эвазига алмаштириш билан муомала қилишган. Бу эса, азалдан инсонларда савдо-сотиққа эхтиёж мавжуд эканлигидан дарак беради. 

Қийматли молни сотувчи ва олувчининг ўзаро розилиги билан алмаштиришлиги “савдо” деб аталади. Савдо - чучқа, харом ўлган ҳайвоннинг гўшти, қон ва шу каби шариатимизда харом қилинган нарса бўлмаслиги балки, Аллоҳ таоло ҳалол қилган ва бирор бир қийматга эга, мол бўлишга лаёқатли нарсани ақлли, ҳур ва балоғат ёшига етган кишиларнинг ўзаро розилиги билан олди-берди қилишлигидир. 

Шунингдек, юқорида зикр қилинганидек, маълум бир қийматга эга бўлган мол ўзаро розиликсиз олди-берди қилинса, шаръий савдо ҳисобланмайди. Чунки, бу савдонинг таърифига хилофдир. Сотувчи тақлиф қилганда, олувчининг кабўли ихтиёрий бўлиб, хоҳласа олади, хоҳласа олмайди. Агар у одам олмаса, хеч кимнинг хаққига зарар келтирмайди. 

Савдо сўзлашувларида ўтган замонга далолат қилувчи сўзлар бўлишлиги шартдир. Чунки, Аллоҳ таоло намозда бўлганидек, савдо учун махсус лафзларни жорий қилмади. Ўтган замонга далолат қилувчи лафзларда айтилган сўзнинг тугрилигига далолат кучлирок бўлади. Шунинг учун савдода бундай сўзлардан мақсадга мувофиқдир. 

Савдонинг рукни: Яъни, унинг муҳим талаби, сотувчи томонидан тақлиф, олувчи томонидан истакдир. Чунки, тақлиф ва истак хар иккисини ўша савдога рози эканлигига далолат қилади. Шунингдек, тақлиф ва истак маъносидаги бошқа сўзлар ҳам бўлиши мумкин.

Абдуллаев Азимжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси