Яратилиш санаси 10.02.2022

Қуръондаги одоб ва ахлоқлар

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса, одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба» - зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» номли асарларида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейдилар. Ҳазрати шайх Абу Муҳаммад Жаририй (қ.с.) хилват ерда бўлса ҳам оёқларини узатмасдилар, “Ҳусну адаб ҳазрати Ҳақ ҳузурида кўп яхшидир”, дер эдилар. Ҳазрати шайх Али Бин Саҳл эса “Адаб - истамоқ ва қидирмоқ биландир. Жаннат ҳам шундоқдир”, деганлар. Абу Усмон таъбирлари билан айтганда, “гўзал хулқ Аллоҳ таолодан розиликдир”. Кишига яхши хулқ зарурлигини, хулқ ақлнинг ташқи сурати эканини ҳамма билади. Лекин ҳамма уни изламайди, унга интилмайди. Улуғлик сармояси насл ва насаб билан эмас, балки ақл ва яхши хулқ билан эканлиги бировларга маълум, бировлар эса била туриб ўзини билмаганга олади. Бу биродарларимизга Арасту ҳакимнинг “Адабнинг кўркамлиги насабнинг ярамас томонларини беркитади. Фазилат асилзодалик ва насл билан эмас, балки илму одоб билан ҳосил бўлади”, деган ҳикматларини эслатсак фойда келтирар... Чунки хулқ – иймон ва ақлнинг чироғи, обрў-эътибор сармоясидир. Ёмон хулқнинг эгаси эса нафс булоғидан ташналигини қондирувчи шайтондир. Биров яхши хулққа ўргатса ҳам ўрганмаганни донишмандлар ҳайвон атайдилар, узр сўралганда қабул қилмаганни эса шайтон, дейдилар.

Айрим одамлар яхши хулқ эгаси бўлиш учун яхши илм олиш керак, деб ҳисоблайдилар. Илм олиш зарурлигини инкор этмаймиз ва рисоланинг иккинчи фаслида бу ҳақда сўз юритганмиз. Илм олмоқ ва яхши хулқ эгалламоқ масаласида айтамизки, илмли одамларнинг барчаси ҳам яхши хулқ эгаси бўлавермайди. Ёки аксинча, илмсиз одамларнинг барчаси ёмон хулқли эмас. Шарафли ҳадисда таъкид этилганким: “Сизларнинг яхшиларингиз – ахлоқи ёқимли бўлганларингиздир”. Имом Шофиъий ҳазратлари “Ўзини гуноҳ ва бадхулқликдан сақлай олмаган кишига илм фойда бермайди”, деганлар. Хушхулқли, кулар юзли, хушмуомалали одам андиша ва фаросат эгаси бўлади. Шундай гўзал сифатларга етишган, лекин ўқимаган одам билан суҳбат қуриш ёмон хулқли, қўрс бир олим билан ҳамсуҳбат бўлишдан кўра яхшироқдир. Ахлоқсиз олим имонсиз жоҳилга ўхшайди. Кишиларга жоҳил қила олмаган ёмонликларни ахлоқсиз олимлар қиладилар. Шу боис Фузайл ибн Иёз дедиларким: “Менга хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлганидан кўра, хулқи яхши фожирнинг ҳамроҳ бўлгани суюклироқдир”. Анас ибн Молик дедилар: “Шундай банда бор, чиройли хулқи билан жаннатнинг баланд даражаларига етади, гарчи обид бўлмаса ҳам. Шундай банда бор, ёмон хулқи сабабли дўзахнинг энг қўйи қаватларидан жой олади, гарчи обид бўлса ҳам”. 

Бу хусусда ҳазрат Сўфий Оллоҳёрда гўзал бир байт бор:

Кел, эй обид, ўзингни айлагил хок, 
Ҳарому шубҳадин хулқингни қил пок.

Дейилмоқчики: Эй Аллоҳга бандалик қилиб юрган инсон, ўзингни тупроқ билан тенг қилгину ҳаром ва шубҳали нарсалардан бўғзингни тийиб, хулқингни поклагин.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб намоз ўқийди. Бироқ, унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади, дейишди.

Шунда Расули акрам солаллоҳу алайҳи васаллам:

Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир, дедилар.

(давоми бор…)

Мухаммадали КАТТАБАЕВ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти АРМ мудири