Мўъжизанинг луғавий ва истилоҳий маъноси-1
“Мўъжиза” (المعجزة)(ожиз қолдирувчи), “иъжоз” (الإعجاز)(ожиз қолдириш) – ўтимлик феъл бўлиб, луғатда “ожиз қолдирувчи” маъносидадир. Ўтимсиз ҳолда “ العجز” (ал-ажз) ҳолда келади ва “заифлик”, “бирор ишни қилишга қодир бўлмаслик” маъносини англатади.
Истилоҳда: “Мўъжиза Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарини тасдиғи ва исботи ўлароқ беллашувга чақиришлик хусусиятига эга бўлган, табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқувчи (ноодатий) ва унга қарши чиқиб бўлмайдиган ишдир”.
Оят ва мўъжиза одатдан ташқари ҳар бир ишга ишлатилади. Уларни бурҳон деб ҳам айтилади. Юқорида келтирганимиз уламолар томонидан мўъжизага берилган таърифни батафсил кўриб чиқамиз:
“Мўъжиза Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарини тасдиқи ва исботидир...” яъни, борлиқда бузишнинг имкони бўлмаган табиий қонун-қоидалар мавжуд. Қанақа инсон бўлишидан қатъий назар, у куч-қудрат ёки илм эгаси бўладими, ўша табиий қонунлар асосида яшайди, бир қадам ҳам у қонунлар чегарасидан чиқа олмайди. Агар бир инсон келиб ўзини пайғамбар эканини айтса ва Аллоҳ таолонинг изни билангина уларнинг чегарасидан чиқиш мумкин бўлган табиий қонуният чегарасидан чиқа олишга қодир эканини даъво қилса ва ҳақиқатдан ҳам табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқса, уни бу даъвосида ҳақ эканига ишонч комил бўлиб, ҳақиқий пайғамбар эканига имон келтирилади. Худди мана шу нарса пайғамбарнинг ҳақиқатдан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан юборилган пайғамбар эканининг тасдиғи ўлароқ ҳужжат бўлади. Зеро, табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқиш башарнинг қудрати билан эмас, балки Холиқнинг қудрати билангина бўлади. Чунки, бу иш Аллоҳ яратган табиий қонун-қоидалар борасида ақл бовар қилмайдиган ишдир. Бу инсон Аллоҳ таоло томонидан қўллаб-қувватланмаганида эди, ҳеч ҳам бу ишга қодир бўлмаган бўлар эди. Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзи ўша табиий қонун-қоидаларни яратди ва Унинг Ўзи пайғамбар юборди ҳамда пайғамбарининг тасдиғи ўлароқ, Унинг Ўзи яратган табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқишликка изн берди.
“...беллашувга чақиришлик хусусиятига эга бўлган...”. Юқорида айтиб ўтилган пайғамбарларга ато этилган мўъжизалар “беллашувга чақира олишлик” хусусиятига эга бўлиши даркор яъни, Пайғамбар ҳар сафар ўша мўъжизани кўрсатишга эҳтиёж туғилганда, уни кўрсатиб, пайғамбарлигининг ҳақ эканини билдириб, ҳамда шаккокларни у мўъжизага ўхшашини келтиришдан ожиз эканларини ошкор қилиш учун ўзи келтирган мўъжизага ўхшашини келтиришларига чорлаши лозим. Зеро, агар инсонлар пайғамбарлар келтирган мўъжизаларга қарши чиқиш ёки унга ўхшашини келтиришга имкон топганларида, пайғамбарлар мўъжиза сифатида кўрсатган ишлари табиий қонунларни бузиб, ғайриоддийлик сифатига эга бўлмаганида, мўъжиза ҳисобланмас эди. Шу маънода Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ва агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз”. Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган энг улкан мўъжиза – Қуръони карим сураларининг энг кичигича бир сура келтиришга чорланаяпти. Табиийки, бу чорлов янграган замондан токи бугунги кунгача унга қарши бирор жавоб айтилмади ва қиёматгача айтилмайди ҳам.
(Давоми бор…)
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ