Яратилиш санаси 17.02.2022

ТАВАССУЛ БОРАСИДА СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ

Сохта салафийларнинг тавассул борасидаги тор қарашлари Қуръон, сунна, аҳли сунна ва жамоанинг жумҳур уламоларининг қарашларига зиддир.

Тавассул - бу Аллоҳга яқинлашиш мақсадида ўртага бирор воситани қуйиб, Унинг даргоҳига васила қилмоқ, демакдир. Васила сифатида гоҳида қилинадиган солиҳ амаллар, Аллоҳ учун бажарилган тоат-ибодатлар Парвардигорнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ бандалар Яратган ҳузурида восита ва васила бўладилар.

Ислом динида ҳар бир амалнинг тартиб-қоидаси бўлганидек. тавассулнинг ҳам ўзига хос қатъий қоидалари мавжуд.

Биринчидан, тавассул қилишда талаб ва эҳтиёж Пайғамбар (алайҳис-салом) ёки қайсидир пирдан сўралмайди. Айни ўтиб кетган авлиёлар, улуғ зотлар қабрига бориб улардан фарзанд, бахту саодат сўраш каби ҳолатлар тўғри эмас. Балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва уларнинг сабабидан дуолар ижобатини Аллохдан сўраш тавассул борасидаги тўғри йўлдир.

Иккинчидан, васила қилинаётган шахс сабабидан дуонинг Аллоҳ томонидан ижобат бўлишига умид қилинади. Шунингдек, васила қилувчи шахс дуонинг қабули Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани, у тавассулсиз ҳам қабул бўлиши ва тавассул билан ҳам ижобат бўлмаслигини англаб етиши зарур. Лекин шуни унутмаслик керакки, диний кўрсатмаларга мувофиқ тарзда тавассул қилиб, Аллохдан бирор нарса сўралганда унинг ижобати осонроқ бўлишини уламолар таъкидлаганлар.

Шунинг учун ҳам ислом динида тавассул қилиш яхши амаллардан саналади ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга оид кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, «Моида» сурасининг 35-оятида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда унинг йўли (тоатида жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда нажот топгайсиз» дейилади. Тавассул борасида сўз борганда  уламоларимиз бу оят  амалларни васила қилиш мумкинлигини ўз ичига олади, деб таъкидлайдилар.

Олимхон Исақов

“Ҳидоя” ўра махсус ислом
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар