Яратилиш санаси 05.04.2021

Саховатли бўлиш – аҳли жаннатилар сифати

Бутун оламнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради. 

Саховат деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг шундай мархамат қилади:

“(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”

Оли Имрон сурасида эса шундай дейилади:

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Қуръони Каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар ҳам баён этилади.

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. 

Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустахкам боғланишига, ўзаро хурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига, дунёвий ишларини ривож топишига хизмат қилади. 

Ҳақиқатдан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, рухий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Шу тариқа жамиятда кишилар орасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ сизга уни зиёдаси билан қайтаради.

Ўтган Пайғамбарлар қатори жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини сахийлик ва карамлилик жиҳатларини қуйидаги ҳадиси шарифда саҳобалар шундай таърифлашади.

Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”, дейилган. (имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда асло “йўқ” демаганлар” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 

Расулуллоҳ (с.а.в.) яна бир ҳадиси шарифларида  эҳсон, садақа қилувчи сахий инсонларни Аллоҳга маҳбуб бандалар деб таърифлаганлар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади:Набий (с.а.в.): “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзохдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзохга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар.

Жами гўзал ахлоқлар ҳам, қабиҳ хислатлар ҳам инсонда ҳаёти давомида шаклланади. Сахийлик ҳам бошқа гўзал ахлоқлар сингари касб қилиниб, кўриб-ўрганиб орттириладиган хислат ҳисобланади. 

Фарзандларга сахий бўлишни ўргатиш керак, ўрнак бўлиб кўрсатиш керак, ёшлар бошқалардан саховатни ўрганиши лозим. 

Озиқ-овқат саховатнинг энг афзали ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Имон ва ислом(га алоқадор амаллар)нинг афзали нима?» деб саҳобалар кўп сўрашар эди. У зоти шариф: «итъом ут-таом» («овқат едириш») деб, унга кўп бора даъват қилганлар.

Мана   азиз диёримизга барча мўмин-мусулмонлар интиқиб кутаётган рамазони шариф ойи кириб келди. Биламизки, рамазон ойи бу- хайр-саҳоват, меҳр-мухаббат ва  мурувват  ойидир. Рамазон ойида битта қилинган савобли амал эвазига  бир неча баробар савоб кўпайтириб бериладиган ой ҳисобланади. Шу сабабли инсонлар айнан мана шу ойда қўлдан келганича қўпроқ савобли амаллар қилишга уринадилар.

Рамазон ойи саховат ойи экани маълум. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саховатлари рамазон ойида ҳаддан ташқари ортар, саҳобалар уни селга ўхшатар эдилар. 

Аллоҳ таоло ҳаммамизни саховатлик қилсин. 

Берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни даргоҳида қабул қилсин. 

Саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этиб, 

Рамазон ойи муборак бўлсин!

Абдулбоқий Турсунов 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси