Яратилиш санаси 18.02.2022

Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодийсидир…

Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади. 

Аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб билади. Ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъати учун савоб олишига қаттиқ ишонади.

Бидъатлар асли жиҳатидан икки хил бўлади. Эътиқодий ва амалий. Эътиқодий бидъатлар ақийдага оид бўлиб, амалий бидъатлар шариатга оиддир.

Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодийсидир. Улар кўп бўлиб, асосан Аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан турли тоифалар ўша бидъатлар туфайли йўлдан озганлар. Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳарадан хабардор ҳамда Аҳли сунна вал жамоа муҳитида яшаб юрган киши учун бидъатларни билиб олиш қийин эмас.

Дастлаб пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар тўрттадир.

1. Хаворижлар.
Бу фирқа жоҳил парҳезгорлик, динда ҳаддан ошиш, эсипатлик, ҳақ аҳлига қарши ботил ила чиқиш, умумий ва бир бирига ўхшаш матнлар маҳкам тутишга асосланган бўлиб мусулмонларнинг бошига кўплаб бало офатлар ёғилишига сабаб бўлган. 

2. Муржиалар.
Бу фирқа хаворижларга қарши ҳаракат сифатида пайдо бўлган. Улар «иймон ила маъсият зарар қилмайди» деган фикрни ўзларига шиор қилиб олгандилар.

3. Шийъалар.
Бу фирқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари тўғрисида ғулувга кетишга асосланган эди.

4. Мўътазилийлар.
Бу фирқа шаръий матнларни таъвийл қилишда ҳаддан ташқари кенг йўл тутган ва гумонли қоидаларни ишга солиш ила танилган эди.

Ҳозирги кунимизда ҳам ушбу тўрт тоифанинг фикрларидан баъзилари тез – тез тарқалиб одамларни ташвишга солиб тургани сир эмас. Буларнинг тасиридан чуқур илм ва илмда пешқадам уламолар йўлини маҳкам тутиш билангина соғ қолиш мумкин.

Амалий бидъатларга келадиган бўлсак, хулоса тарзида қуйидагиларни айтишимиз мумкин. Мужтаҳид уламолар бидъатлигига иттифоқ қилган нарсалардан жуда эҳтиёт бўлиш ва яқинига йўламаслик керак. Мужтаҳид уламоларнинг ўзлари бидъат ёки бидъатмаслигида ихтилоф қилган нарсаларда кенгчилик бор. Ҳар бир банда бошқа салбий нарсалар каби бидъатдан ҳам узоқда бўлиши лозим.

Муҳаммаджон Абдураҳманов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар