Яратилиш санаси 19.02.2022

Савдонинг таърифи ва унинг шаръий ҳукми - 2

Савдонинг шарти: Сотувчи ва харид қилувчи сотиш ёки сотиб олиш хуқуқига эга бўлган, яъни, ақлли, балоғат ёшига етган, хур, сотувчи сотаётган маҳсулотида, олувчи бераётган пулида эгадор шахслар бўлиши лозим. Чунки, ақлсиз бўлса, балоғат ёшига етмаган, фойда-зарарни тушунмайдиган бўлса, алданиб колиши мумкин. Шунингдек, хур бўлиши керак. Чунки, қуллар узлари қул бўлиб, нарсаларга молик эмаслар. Савдо уз ўрнида, яъни, қийматга эга бўлган ва мол деб эътироф этилган маҳсулотлар устида бўлиши керак. Чунки, савдодан мақсад қийматга эга бўлган ва фойдали молни ўзаро томонлар бир-бирига мулк қилиб беришдир. Шунинг учун мол деб эътироф этилмаган нарсалар устида савдо қилиш ҳам эътиборсиздир. 

Юқорида зикр қилинган қонун коидаларга риоя этилганда савдо-сотиқда шаръий ҳукм пайдо бўлади. Унинг ҳукми сотилган маҳсулотда олувчи учун эгаликнинг собит бўлишлиги, сотувчи учун эса, пулда эгаликнинг хосил бўлишлигидадир. Качонки, юзма-юз туриб савдо қилинган бўлса, иккинчи томоннинг розилигисиз улардан бири мазкур савдони буза олмайди. Бунинг далили қўйидагилардир: 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: 

"يا ايها الذين امنوا اوفوا بالعقود"

«Эй мўминлар, ақдларга вафо қилинглар”

Оятнинг зоҳирий маъносидан акдга вафо қилиш лозим эканлиги тушунилмокда. Маълумки, савдо ҳам акднинг бир тури бўлиб, уни бузиб юбормаслик, айни пайтда акдга вафо қилишликдир. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай марҳамат қиладилар:

" لا ضرر و لاضرار في الاسلام " 

"Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтиришлик йуқ". (Имом Ахмад ва Ибн Можжа ривоят қилган).

Юқоридаги сотувчи ҳамда олувчи бўлган кишилар, ўзаро саҳиҳ савдо қилишганларидан сўнг, бири иккинчисининг розилигисиз шартномани бузиб юборса, томонлардан бирига зарар келтириши мумкин. Ўз биродарига зарар келтириш эса, исломда йуқ. 

Маҳсулот сотувчи томонидан асосан ишора йули билан танитилади. “Салам” савдосида маҳсулот сифати ва микдорини зикр қилиш оркали танитилади. Молни таништиришда ишора қилиш кифоя бўлиб, низога олиб бормайди. Сотилаётган маҳсулот пул бўлса, низога олиб келмаслиги учун уни танитишда сотувчи ишора ёки микдорини ҳамда сифатини айтиш оркали таърифлаб беради.

Абдуллаев Азимжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар