Яратилиш санаси 20.02.2022

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг машҳур шогирдлари - 3

  • Имом Муҳаммад

Имом Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра ақллироқ кишини кўрмадим.

Имом Шофеъий

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фурқат аш-Шайбоний ҳижрий 132 йил Ироқнинг Восит шаҳрида таваллуд топиб, Куфада ўсганлар. У зот замонларининг энг закийларидан бўлиб, фиқҳ билан биргаликда араб тили ва ҳисоб фанидан ўта моҳир бўлганлар. Бу ҳақда ўзлари “Отам ўттиз минг дирҳам мерос қолдирди. Ўн беш минг дирҳамини лаҳв ва шеър таълимига сарфладим. Ўн беш минг дирҳамини ҳадис ва фиқҳ таълимига сарфладим” деганлар.

У зот 18 ёшларигача Имом Абу Ҳанифадан таълим оладилар. Имом вафотларидан сўнг Имом Абу Юсуфдан дарсни давом эттирадилар. Фиқҳда мукаммал бир даражага эришгандан кейин Боғдодга сафар қиладилар ва шу ерда бир муддат истиқомат қиладилар. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Боғдодлик пайтларида Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ у кишидан таълим оладилар. Бу ҳақда Имом Шофеъий “Инсонларнинг ичида фиқҳда менга миннат қилишга ҳақлироғи Муҳаммад Ибн Ҳасандир. Мен ундан кўра фақиҳроқ бирор фақиҳ билан бирга ўтирмадим. Ундан кўра ақллироқ ва Аллоҳнинг китоби унинг носиҳ мансуҳи, ҳалол ҳаромини билувчироқ кишини кўрмадим. Ундан туяга юк бўладиган (илм)ни ёзиб олдим” деганлар. Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ Имом Молик алайҳир роҳмадан уч йил таълим оладилар ва у зотнинг “Муватто” номли машҳур ва мўътабар китобларини ривоят қиладилар.  

Бошқа бир ривоятда Имом Шофеъий: “Аллоҳ таоло илмда икки киши балан менга ёрдам берди: ҳадисда Суфён ибн Уяйна билан, фиқҳда Муҳаммад ибн Ҳасан билан” деганлар. Дайламий Имом Шофеъийдан ривоят қилади, У зот: “Мен у (Муҳаммад ибн Ҳасан) билан ўн йил мажлисида ўтирдим. Унинг каломидан туяни икки баробар юкичалик (илм)ни олдим. Агар у ўз ақли миқдорида гапирса, унинг сўзини тушунмасдик. Лекин у бизнинг ақлимиз миқдорида гапирарди”.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони каримни гўзал оҳангда, тартил билан қироат қилардилар. У зотнинг кундалик вирдлари каломуллоҳни учдан бирини хатм қилиш эди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ алайҳи: “Агар Қуръон Муҳаммад ибн Ҳасан тилида нозил бўлган дейишлигимни хоҳлаганимда уни фасоҳати сабабли шундай деган бўлардим”, деганлар.

Халифа Ҳорун ар-Рашид даврларида Имом Муҳаммад Раққа шаҳрига қозилик қилардилар. Халифа у зотни Хуросонга ўзи билан сафарга олиб кетади. Имом Муҳаммад ҳижрий 189 йил Рай шаҳрида машҳур нахвий олим Абулҳасан Али ибн Ҳамза билан бир кунда вафот этадилар. Ўшанда халифа Ҳорун бугун луғат ва фиқҳни дафн қилдим” деган экан.

Имом Муҳаммад жуд кўп китоб тасниф қилганлар. Узот тасниф қилган асарлар Ҳанафий мазҳабини асосини ташкил қилади. Мусаннифотларининг дақиқлиги, қисқа ва лўндалиги ва фойдаларга бойлиги билан барчани лол қолдирганлар. Нақл қилинишича бир насроний киши Имом Муҳаммаднинг баъзи китобларини ўқиб кўриб, Исломни қабул қилгандан кейин ундан хайратда қолиб: “Кичик Муҳаммадингизнинг китоби шу бўлса, буюк Муҳаммадингизнинг китоби қандай бўлади?” – деган экан.  Имом Шофеъий Имом Муҳаммад ибннинг аксар китобларини ёдлаб олган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан “Бу дақиқ масалаларни қаердан олингиз?” – деб сўралганида, -“Муҳаммад ибн Ҳасан китобларидан”- деб жавоб берган эканлар[8].

Имом Муҳаммаднинг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китобни фуқаҳолар истилоҳида “ظاهِرُ الرِّوايَة” деб номланади. Унинг бундай ном олишлигига сабаб унинг ровийлари кўплиги, мутавотир даражага чиққанлигидир. Демак, “ظَاهرُ الرِّوايَة” қуйидагиларни ўз ичига олади.

  1. “Китобул асл” бу китобнинг иккинчи номи “Мабсут”.
  2. “Китобуз зиёдат” 
  3. “Жомеъус-сағир”
  4. “Жомеъул-кабир”
  5. “Сиярус сағир”
  6. “Сиярул кабир”

Буларни аллома муҳаққиқ Ибн Обидин ўз манзумаларида қуйидагича ифода этганлар. 

وكتبُ ظاهِرُ الرِّواياتِ اَتَتْ – سِتًّا وَبالأُصُولِ أيضًا سُمّيتْ

صَنّفها مُحمّدُ الشَّيْبانِى – حَرَّرَ فيها المَذهبَ النُّعمَانِى

الْجَامعُ الصَّغيرُ والكبِيرُ – والسِّيَرُ الكَبيرُ والصّغِيرُ 

ثُم الزّياداتُ مَعَ الْمَبسُوطِ – تَواتَرَتْ بالسَّنَدِ الْمَضْبُوطِ

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси “Китобур-радди ала аҳли мадина” ва “Китобул Осор” ҳудди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир. 

Имом Муҳаммад ибни Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳнинг сийратлари ва асарларини ўрганишда алоҳида битилган илмий рисолалар. 

بلوغ الامانى فى سيرة محمد بن حسن الشيبانى Мусанниф: Муҳаммад Зоҳид Кавсарий

محمد بن الحسن الشيبانى وأثره فى الفقه الاسلامى Мусанниф: Муҳаммад Мақбул Ҳусайн

 محمد بن الحسن الشيبانى وأثره فى الفقه الاسلامىМусанниф: Муҳаммад Саййид Али Дасуқий

Абдураҳимов Баҳромжон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар