Яратилиш санаси 21.02.2022

Сиз жаннат ҳақида нималар биласиз..?

Жаннат сўзи луғатда "боғ" деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ Таоло ўзининг буйруқларини бажариб фазлу марҳаматига сазовор бўлган бандлари учун тайёрлаб қўйган жой”  - Жаннат деб аталади.

Аллоҳ Таоло ўзининг китоби Қуръони Каримнинг жуда кўп жойларида жаннат ва ундаги неъматлар ҳақида ҳушхабар беради. Жумладан Бақара сурасининг 25 оятида шундай марҳамат қилади.

“Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга ҳушхабар берингки, улар учун остиларида дарёлар оқиб турувчи боғлар бор”.  

Яна бир ояти каримада эса: “Албатта, Иймон келтирган, яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур”. Каф сураси 107.

Албатта Аллоҳ Таоло ўзининг Солиҳ бандлари учун жаннатда кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган ноз-неъматларни тайёрлаб қўйгандир. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло шундай дейди:

“Яна (улар учун)  худди яшириб қўйилган марварид мисол оҳу кўз ҳурлар бордир“ (Воқеа, 22). «Уларга оқар чашмадан ичувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб) косалари айлантирилиб турилур» (Вас-соффот, 45 - 46). 

Жаннат ва унинг васфи ҳақида Ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бор. Пайғамбаримиз cоллaллоҳу алайҳи васаллам жаннатни тасвирлаб ва унга киришга рағбатлантириб ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни асҳобларига: “Жаннатга кириш учун енг шимарувчилар борми? Чунки у таърифга ожиз. Каъбанинг Роббига қасамки, жаннат чарақлаган нур, тебраниб турган райҳонлар,  тикланган қасрлар, тўлиб оқувчи анҳорлар, пишиб етилган турли хил мевалар, гўзал ва чиройли жуфтлар, софлиги ва тиниқлиги абадий бўлган кўпдан-кўп зеб-зийнатлар диёридир. У олий, ажойиб, тинч ва осойиштадир”, дедилар. Асҳоблари: “Биз жаннат учун енг шимарувчилармиз эй Расулуллоҳ!” дейишди. Ул зот: “Иншааллоҳ, денглар”, дедилар... (Ибн Можа ривояти).

Яна бир ҳадис шарифда эса шундай марҳамат қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:  “Жаннатда бир дарахт бор, суворий унинг соясида етмиш (ёки юз йил) юради. У “хулд”  (абадият) дарахтидир” (Ибн Муборак ривояти).

Жаннат ҳақида сўз борар экан у ҳақида бирор бир сўз айтишга ожиз қоламиз у мисли йўқ ва инсон ақли етмас даражададир. Аллоҳ Таоло бизга ўзимиз тушунадиган ҳолатда жаннат ҳақида ҳушхабар берди. Жаннатийларга бериладиган энг улуғ неъмат Аллоҳ Таолонинг жамолнинг кўриш ҳисобланади.

Абу Довуд Уқайлий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен: Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳар биримиз қиёмат куни Аллоҳни очиқ-равшан кўрамизми?” деб сўрадим. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Маҳлуқлари устида бунинг белгиси борми?” деб савол қилдим. “Эй Абу Розин, сизларнинг ҳар бирингиз кечаси ўн тўрт кунлик ойни очиқ-равшан кўрасизларми?” дедилар. Мен: “Ҳа”, деб жавоб қилдим. у зот: “Аллоҳ таоло буюкдир. Ой ҳам Аллоҳнинг бир махлуқидир. Бас, Аллоҳ буюкроқ ва улуғроқдир”,  дедилар. 

Аллоҳ Таоло барчамизни жаннат аҳлиларидан бўлишимизни насиб айласин.

Абдураҳманов Нўмонхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар