Яратилиш санаси 22.02.2022

Қуръондаги одоб ва ахлоқлар

Инсон моддий жиҳатдан эмас, маънавий жиҳатдан мукаррам бўлгани учун руҳининг гўзаллиги даражасида бандалик камолига эришади. Қуръони каримда таърифланган камолот ҳам шу камолотдир. Инсонлар ҳар бир нарсани унинг зиддига қараб ўрганадилар. Яхшиликни билиш учун ёмонликни, гўзалликни билиш учун чиркинликни, тўғрини билиш учун эгриликни ва иймонни таниш учун куфрни билиши керак бўлади. “Билиши керак бўлади” деганимизни “гўзалликка чиркинлик орқали кириб борилади, эгри бўлмаган тўғри бўлолмайди, кимса кофирлик сўқмоғидан юриб бориб, сўнг иймон боғига киради”, деган маънода тушунмаслик керак. Ота-она фарзандини чойнакдаги қайноқ чойдан асрагани каби ёмон хулқлардан иҳота қилиши шарт. Тўғри, яхшиликка ёмонлик сахроси орқали кириб келувчилар ҳам учрайди ҳаётда. Бундайларнинг ёмонлик сахросидаги азоб-уқубатлари учун ким айбдор? Умр йўлининг бир томони гўзал водий, иккинчи томони уқубат сахроси эканини ким тушунтириши керак эди? Одамнинг табиати шундай: саодатга элтувчи қадриятларни уларнинг акси билан қамраб олади.

Озор уруғини сепган киши зарардан ўзга ҳосил олмайди. Гўзал хулқ ниҳолини кўкартирган киши тинчлик, шодлик мевасини ейди. Тоғда қичқириб нима десангиз, акс-садо туфайли ўша айтган гапларингизни ўзингиз эшитасиз. Ҳаёт ҳам шундай: “нима эксанг – шуни ўрасан”, деган ҳикматни унутмаслик керак. Низомий ҳазратларидан ҳикматким:

Ўз-ўзингга зўрлик қилиб, шер монанд, Сўнгра ўзинг бўл ўз хулқингга фарзанд.

Расули Акрам солаллоҳу алайҳи васаллам дедиларким: “Исломиятда бузуқлик йўқдур. Бузуқликни устига олув ҳам йўқдур. Исломиятда энг мўътабар кишилар  яхши хулқ эгаларидур”.

“Ахлоқ нима?” деган саволга қайтсакда, улуғлар меросидан жавоб изласак:

“Ахлоқ” сўзи луғавий маънода кишининг хулқ-атвори (одати), феъли, қилиғи, одобини англатади. Қадим адабиётимизда “ахлоқи ҳамида” ёки “ахлоқи ҳасана” атамасини учратамизки, бу “яхши, мақтовга арзийдиган хулқ” демакдир. Яна “ахлоқлик” дейилганки, бу “одобли” деганидир. “Хулқ” атамаси ҳам “одоб”га мазмундош. “Хулқи зишт” – ёмон хулқ, “хулқи карам” – чиройли одоб, дегани. “Хулқлиқ” эса яхши хулқлидир. Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларким: “Гўзал кўнгилни очади, хунук ҳаётни ўкситади. Яхши хулқли – гўзалдир ва у жаннат ҳуридир; ёмон табиатли – хунукдир ва у дўзахбоп девдир”.

Имом Ғаззолий ҳазратларида бу изоҳни ўқиймиз:
“Хулқ”  ва “хулуқ” калималари айни илдиздан келади, яъни иккаласи биргаликда қўлланувчи сўзлардир. Асос эътибори билан бири зоҳирий, иккинчиси эса ботинийдир, яъни, инсоннинг ички дунёсига оиддир. Масалан, “фалончининг хулқи ва хулуқи гўзал” дейилса унинг ички ва ташқи гўзаллиги тушунилади. “Хулуқ” ташқи туйғулар билан идрок қилинадиган сурат, ҳайъат ва шакл маъноларини билдиради. “Хулқ” эса ботинга далолатдир ва инсоннинг ташқи кўринишида намоён бўлмайдиган омилдир. Унинг ҳақиқати инсоннинг аҳлоқи, табиати ва амаллари билан майдонга чиқади. Инсон ташқи кўриниши билан аслида кимлигини қанчалик яширмасин, бир кун ички кўриниши албатта намоён бўлади. Инсон ташқи кўринишидан завқ олиш учун бир кўзгуга муҳтож бўлгани каби, ички оламини, феъл ва тамойилларини ўрганиш ва лозим кўрилган шаклда тарбиялаш учун ҳам бир авлиёнинг файз ва талқинларига, яъни, инсонларни тарбия қиладиган, ўзига ўзини таништирадиган кўнгил кўзгусига муҳтождир”.  Қуръони каримнинг Сод сурасида Парвардигорнинг Ҳазрати Одамни яратгани, унга руҳидан уфургани баёни мавжудким, алҳол, ундаги фаришталарга хитобан айтилган:

{ إِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَـٰۤىِٕكَةِ إِنِّی خَـٰلِقُۢ بَشَرࣰا مِّن طِینࣲ (71) فَإِذَا سَوَّیۡتُهُۥ وَنَفَخۡتُ فِیهِ مِن رُّوحِی فَقَعُوا۟ لَهُۥ سَـٰجِدِینَ (72) } 

 “Албатта, мен Одамни лойдан Яратгувчиман, вақтики,унинг вужудини ростлаб, ичига руҳимни дохил қилсам (киритсам), унга сажда қилган ҳолларингда йиқилинглар!” оятидаги “руҳимни дохил қилсам” калимасига диққатни қаратайлик. Мазкур оятда жасаднинг лой-тупроққа, руҳнинг оламлар Парвардигорига мансублиги таъкидланяпти. Ғаззолий ҳазратларининг тафсирларига кўра, бу ўринда руҳ ва нафс (жон) билдирган маъно биттадир. Хулқ нафс, яъни жонга мустаҳкам ўрнашган ҳайъат (ҳолат) бўлиб, бу ҳайъатдан ҳеч бир иккиланишларсиз, машаққатсиз, ўй-фикрларга ҳожат сезилмасдан, осонгина феъллар содир бўлади. Агар бу ҳайъатдан ақл ва шариатга мувофиқ мақталган чиройли феъллар содир бўлса, уни “ҳусни хулқ”, яъни “гўзал хулқ” деб, агар зидди бўлса, “ёмон хулқ” деб номланади.

Хулқ – нафсда мустаҳкам ўрнашган ҳолат, дейилишининг сабабини бундай изоҳлаш мумкин: масалан, фақат эҳтиёж туғилган пайтдагина, яъни камдан кам ҳолатда молини сарфлайдиган кишини сахий дея оламизми? Йўқ! Чунки, бу ҳолат унинг нафсида собит (доимий) эмас. Шунинг учун у молини ихтиёрий суратда эмас, қандайдир ичкию ташқи босимлар остида, бошқа иложи қолмагани учун сарфлайди. Кимидир оғир хасталикка чалинса ёки вафот этса эҳсон дастурхонларига меҳмон чорловчининг сахийлигини мақтайдиганлар ҳам бор. Қачонки киши молини қийналиб сарфласа ёки ғазаби келганда чираниб, ҳар хил ўй-фикр, иккиланишлар билан ўзини босса, бу ҳали унинг хулқида саховат ва ҳилм пайдо бўлди, дегани эмас. 

(давоми бор…)

Мухаммадали КАТТАБАЕВ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти АРМ мудири

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар