Яратилиш санаси 07.04.2021

Кечиримли инсон жаннат соҳиби

Гоҳида дўст ва яқинларимиз, оила аъзоларимиз билан айрим сабаблар билан тушунмовчилик, тортишув юзага келади, гоҳо  арзимаган дунё матолари деб биз учун яқинлармиздан юз ўгирамиз. 

Хўш имон эътиқодли  инсон қандай йўл тутиши керак?

Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.

Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:

 “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Яна бир ҳадисда: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: "Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир"” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).

Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.

Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Ҳар қандай ҳолатларда ҳам кечирим сўрамйди ёки узр сўраб келган инсонларни кечирмайди. Айниқса оила аъзолари ва бошқа яқинларини узурини қабул қилмаган инсонни дуо ва тилаклари қабул бўлмайди.

 Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!

 

Обидхон ИКРАМОВ

“Хидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси