Мўъжизанинг луғавий ва истилоҳий маъноси-2
“...табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқувчи (ноодатий) ишдир...”. Мўъжиза башар қила олмайдиган ғайриоддий нарсадир. Зеро, уни одамлар қила олганларида эди, мўъжиза ҳисобланмас эди. Чунки, Аллоҳ таоло оламда маълум қонун-қоидалар тузиб қўйганки, башарият мана шу қонун-қоидалар асосида яшайди. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг Ўзи тузган қонун-қоидалари чегарасидан чиқишлик ҳуқуқи бўлмиш мўъжизани Унинг Ўзи хоҳлаган бандасига ато қилади. Шу маънода Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Бирор пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириши жоиз эмас...”.
Ватандош бобокалонимиз Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида ушбу ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: ( ما من الأنبياء نبي إلا أعطي من الآيات ما مثله أومن أو آمن عليه البشر وإنما كان الذي أوتيته وحيا أوحاه الله إلي فأرجو أني أكثرهم تابعا يوم القيامة )
Яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлари ривоят қилинади: “Пайғамбарларнинг ҳар бирига унга инсонлар имон келтирган оятлар (мўъжизалар) берилди. Менга берилган нарса (мўъжиза) Аллоҳ уни (яъни, Қуръонни) менга ваҳий қилган бир ваҳийдур. Шундай экан мен қиёмат куни уларнинг (пайғамбарларнинг) эргашувчилари энг кўп бўлгани бўламан, деб умид қиламан”.
Мўъжиза Аллоҳ таолонинг улуғ санъатидан бир намунадир. Мўъжиза пайғамбарнинг санъати ҳам, касби ҳам эмас.
“...ва унга қарши чиқиб бўлмайдиган ишдир...”. Яъни, пок динимиз душманлари Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларга туҳфа қилинган мўъжизаларга ҳеч бир замон ва маконда у мўъжизани ўхшашини келтириш ёки уни синдириш орқали жавоб қайтара олмаганлар. Аллоҳ таоло ҳам бунинг хабарини бериб ўтган:
“Борди-ю (Қуръонга ўхшаш биргина сура келтиришни) қилмасангиз – зинҳор қила олмайсиз ҳам – у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут-санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”.
Пайғамбарларга мўъжизалар ўзларининг қавмларигагина нисбатан берилган. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг “асо” мўъжизалари вафот этишлари билан тўхтаган. Исо алайҳиссаломга берилган – Аллоҳ таолонинг изни ила – ўликларни тирилтириш, махов ва кўрларни тузатиш каби мўъжизалари Аллоҳ таоло у зотни иккинчи осмонга кўтариши билан тугаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари Аллоҳ таолонинг амри ила қиёмат кунигача мукаммал давом этади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари Аллоҳ таолонинг абадий китоби Қуръони каримдир.
(Давоми бор…)
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ