Билим юртига ташриф
Жорий йил 4 март куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ташриф буюрди. Ташриф чоғида меҳмонга Наманган вилояти ҳокимлиги Жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими котибият мудири Муроджон Абдуразақов ва билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев ҳамроҳлик қилдилар.
Ташриф жараёнида меҳмонлар билим юртида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, устоз ва талабаларга ташкил этилган шароитлар, уларни мукаммал билим олишлари учун яратилган имкониятлар ўқув жараёнлари ҳамда ахборот-ресурс маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дарс жараёнларини ўрганиш вақтида Д.Махсудов талаба ва устозларга Ўзбекистоннинг серунум замини жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган кўплаб уламоларни етиштириб берди. Шулар қаторида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Форобий, Замахшарий, Хоразмий, ал-Фарғоний каби буюк шахсларни зикр этиб, бу буюк алломаларнинг барчаси араб тилида ижод қилганликлари, арабларни ҳам лол қолдирадиган даражада ўз асарларини ёзганликларини алоҳида эътироф этилди.
Замахшарий каби тилшунос олимлар эса араб тили грамматикасини қулай янги услубда ёзганликларини таъкидлаб талабаларга билим олиш йўлида янада тиришқоқ бўлишлари, динимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган, турли хил ёт ғояларга раддия бера оладиган мутахассис кадрлар бўлиб етишиб чиқишга ҳаракат қилишлари юзасидан кўрсатмалар бериб, араб тилини янада яхшироқ ўрганиш, ҳар бир дарслик китобларни мукаммал даража пухта эгаллаш, бой маданий меросларни таржима қилиш малакасини шакиллантириш ва келажакда етук алломаларимиз каби олимлар бўлиб етишишга бор ғайратлари билан ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида гапириб ўтди.
Ташриф сўнгида меҳмонлар ўқитувчи ва талабаларга яратиб берилган қулайликларни қадрига етиш, юртбошимиз бошчиликларида олиб борилаётган ислоҳотлардан тўғри, унумли фойдаланиб, яратилган шароитларнинг барчаси тинчлигимиз, мустақиллигимизнинг шарофатидан эканлигини таъкидлаб, шукроналик руҳида яшашликка чақирди.
Очиқ мулоқот ва самимий суҳбатдан талабалар ўзларига кўплаб ижобий таассуротлар олдилар ҳамда бундай учрашувларни тез-тез ташкил этиб туриш таклифини илгари сурдилар.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти матбуот хизмати